Алишер Усмонов бизнесни тарк этиб, Ўзбекистонга қайтиб келдими?
Жамият
−
21 Февраль 2023
27819Алишер Усмонов Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор имкониятларини ишга солишини, бу учун корпоратив активлар бошқарувидан кетгани ва ҳатто кўплаб лойиҳаларда акциядор сифатида иштирокини якунлаганини айтди. Бу ҳақда у Тошкентда Италиянинг “TGcom24” телеканали журналистларига берган интервьюсида маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, Усмонов туғилган ватанига – Ўзбекистонга қайтиб келган.
“Ўзбекистонга ёрдам бериш, унга фойда келтириш учун бор куч-ғайрат ва имкониятларимни ишга соламан. Бу мақсад учун мен корпоратив активлар бошқарувидан кетдим ва ҳатто кўплаб лойиҳаларимда акциядор сифатида иштирокимни якунладим”, деди Усмонов.
USM холдинг асосчиси ва энг йирик акциядори Алишер Усмонов сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришларни санаб ўтар экан, 2016 йилдан буён ўтган даврга нисбатан “буюк келажакка умид белгиси” дея таъриф берган.
Бунга мисол тариқасида эса миллиардер Ўзбекистоннинг сармоявий очилиши ва кенг кўламли ислоҳотлар дастурини кўрсатган.
Қайд этилишича, шу вақт ичида USM бизнес тузилмалари ўзининг йўналишларига, асосан телекоммуникация ва IT соҳаларига сармоя киритган.
Қолаверса, у сўнгги йилларда Ғарбнинг кўплаб санкцияларига қарамай, Ўзбекистонда иш ва хайрия лойиҳаларини амалга оширишда давом этиш ниятида эканини маълум қилган.
Алишер Усмонов, шунингдек, Европа Иттифоқи уни олигархлар қаторида тилга олишидан норози эканини билдириб, олигархлар ҳокимият ёрдамида бойлик орттириб, ундан ҳукуматга таъсир ўтказиш учун фойдаланишини айтган. Ўзбек миллатига мансуб миллиардернинг айтишича, унга нисбатан ҳеч қандай қўллаб-қувватлов бўлмаган ва барча активларни “бозор шароитида” қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йил бошидан бери USM холдинг асосчиси, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг бойлиги 1,06 миллиард долларга кўпайгани эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь