Алимент тўламай қочиб юрган эркак Оҳангаронда ушланди
3-саҳифа
−
01 Декабрь 2023
5574Наманган вилояти Чуст туманида алимент тўлашдан қочиб юрган эркак Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидан топилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.
Унга кўра, алимент тўлашдан бўйин товлаб, яшириниб юрган ва давлат ижрочиси томонидан қидирувга берилган қарздорларни топиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида бюронинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилган. Ушбу қидирув тадбирлари давомида чустлик қарздор ота топилиб, унга нисбатан узоқ вақтдан бери алимент тўламагани учун жиноят иши қўзғатилган.
Р.Қ.га фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг қарорига кўра, 2 нафар фарзанди учун то вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган. Бироқ қарздор турли баҳоналар билан тўламай келгани учун жорий йилнинг апрель ойида ўн беш суткалик маъмурий қамоқни ўтаб чиққан. Шунга қарамай, яна фарзандларининг таъминотидан бўйин товлаб келган.
"Боз устига эркак қарздорликни қасддан тўламай яшириниб юради. Олинган маълумотларга кўра, қидирувдаги қарздор Тошкент вилояти Оҳангарон туманида юргани аниқланди ва тадбир давомида ушланиб, Чуст туманига олиб келинди. Ўтказилган суҳбат мобайнида қарздорлик салкам 15 миллион сўмга етгани, уни бартараф этиш тушунтирилди. Қайд этилишича, у яна масъулиятни ҳис этмади ва унга нисбатан жиноят иши очилди", дейилади бу ҳақдаги хабарда.