Албания ва Бурунди Ўзбекистонга янги элчиларини юборди

Жамият

image

Генц Пецани Албаниянинг, Жозеф Нкурунзиза эса Бурундининг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди.  Улар кеча, 27 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

Қайд этилишича, ТИВ раҳбари ва Албания элчиси ўртасидаги суҳбатда ўзаро савдо, инвестициялар, туризм, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилган. Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда икки томонлама шерикликни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида умумий интилишларини ифода этган.

Бурундининг мамлакатдаги биринчи элчиси Жозеф Нкурунзиза билан музокаралар эса “самарали ва келажакка йўналтирилган” бўлган.

“Давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ривожланаётган салоҳияти ҳақида фикр алмашдик. Шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларини ҳам кўриб чиқдик”, деб ёзади вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бахтиёр Саидов Сомалининг Ўзбекистондаги биринчи элчиси Фатхудин Али Моҳамед билан учрашув ўтказганди.


Мақола муаллифи

Теглар

элчи Бурунди Албания

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг