“Ал-Ҳилол” Жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бирини ўз сафига қўшиб олмоқчи
Спорт
−
16 Август 2023
2650Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби “Севилья” дарвозабони Яссин Бунуни сотиб олишга яқин турибди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Унга кўра, “Бавария” “Севилья” билан Яссин Буну трансфери бўйича музокараларни тўхтатган. Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби эса бу имкониятни ўзи томонга ижобий ҳал қилиш учун аллақачон ҳаракатни бошлаб юборган.
“Саудия клуби “Севилья” дарвозабони Яссин Бунуни сотиб олишга яқин турибди. Томонлар 18-19 миллион еврога баҳоланган битимнинг сўнгги тафсилотларини муҳокама қилмоқда”, дейди Романо.
Инсайдернинг аниқлик киритишича, марокашлик посбон “Ал-Ҳилол” “Бавария”дан кўра кўпроқ нарсани таклиф қилаётганини англаб, музокараларни тўхтатган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Яссин Буну 2019 йилдан бери “Севилья” дарвозасини ҳимоя қилади. У 2022 йилда Марокаш терма жамоаси билан Қатарда бўлиб ўтган футбол бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида 4-ўринни қўлга киритган. Чемпионатнинг бронза медали учун кечган баҳсда Марокаш Хорватияга 2:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби бразилиялик футболчи Неймарни ўз сафига қўшиб олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, мазкур трансфер шартлари ичида футболчига мамлакат ҳудудида никоҳсиз яшашга ҳам рухсат берилгани айтилганди.
LiveБарчаси