Аккредитация маркази АРАС ва ILAC каби халқаро ташкилотларга аъзо бўлади
Жамият
−
25 Апрель 2019
4693Жорий йилнинг 24 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида маълум қилинди.
Қарор билан “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказувчи Аккредитация марказининг вазифалари белгиланди.
Аккредитация бўйича Осиё-Тинч океани ҳамкорлигига (АРАС), Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилотга (ILAC) ва Аккредитация бўйича халқаро форумга аъзо бўлиш шулар жумласидандир.
Шунингдек, қарор билан Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Аккредитация бу мувофиқликни баҳолаш бўйича фаолиятнинг муайян соҳасида ишларни бажаришга юридик шахслар ваколатларининг Марказ томонидан расман тасдиқланишидир.
Аккредитациядан ўтказиш учун Марказга зарур ҳужжатлар билан буюртманома берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлса, Марказ 2 иш кунида аккредитация бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тайёрлайди.
Марказ хизматларига ҳақ тўланганидан кейин ҳужжатлар 15 иш кунида экспертизадан ўтказилади.
Марказ хизматларига ҳақ сарфланган вақтдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Шунингдек, аккредитация қилиш билан боғлиқ бир қатор жараёнлар амалга оширилганидан сўнг, Аккредитация маркази аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этади.