Акаси томонидан дўппослангани айтилган бола Мадина Мухторованинг ўғли бўлиб чиқди
Таҳлил
−
03 Январь 2020
32804Куни кеча ярим тунда ижтимоий тармоқларда юнусободлик болакайнинг ўз акаси ва келинойиси томонидан калтакланган, уни кўп қаватли уйнинг ертўласиида сақлаб келингани ҳақида видео тарқалди.
Видеони тасвирга тушираётган аёл билан суҳбатда болакай оёқ-қўли, танасининг ҳаммаси қисми оғриётганини, ўн кунлардан бери калтакланаётганини айтган.
Видеода бу болакай ўзининг кўкарган жойларини кўрсатган. Шунингдек, унинг сочларини олиб ташлашгани, ертўлада яшаётганлигини, иккита қўлидан 2,5 соат мобайнида осиб қўйишганини айтган.
Маълум бўлишича, видеомурожаат эгаси М. А. бўлиб, у Ўзбек миллий академик драма театри актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторованинг кенжа ўғли. Қайд этилишича, видео Мадина Мухторова томонидан суратга олинган ва уни яқиндан таниган билганларнинг таъкидлашича, бола билан суҳбатлашиб, уни сўроққа тутаётган ҳам актрисанинг ўзи.
Ушбу видео жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқнинг бир неча фойдаланувчилари болакайнинг холидан хабар олиш учун унинг уйигача борган.
“Болакай 16-шифохонанинг нейрохирургия бўлимига олиб борилди. У ерда шифокорлар кўригидан ўтказилди. Уларнинг хулосасига кўра, боланинг оёқ ва қўлларига мунтазам уриб калтакланган. Болада синган ва гематома излари, яъни кўкарган жойлар аниқланган. Бу бола машҳур актрисаларимиздан бирининг фарзанди экан.
Бир болани бунчалик даражада уриш (ёмонлигини билиш) учун катта ақл керак эмас. Бу сизнинг эркаклик кучингизни эмас, паст инсонийлик даражангизни кўрсатмоқда”, дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири.
“Мен кечаси ўша хонадонга бордим. Бориб қўшниларидан суриштирсам, ҳақиқатда бу уй актриса Мадина Мухторованинг уйи эканини айтишди. Пастга тушганимда Санжар деган бошқа ўғли турган экан. Воқеани айтгандик, бизга тушунтириб кетди: Ака, ўзи шунақа ишларга укам қизиқиб туради. Ўзини грим қилган”, деб бизга битта видео ташлаб берди.
Эртаси куни ҳам учрашдик. Укасини кўрсатишини айтдик. “Эртага кўрсатаман, бўладими?”, деди. Кейин кетди. Маълум вақт ўтиб, телефон қилиб уйининг олдида кимлардир келганини айтди. Борсам тез ёрдам машинаси турган экан. Тез ёрдам ходимлари ёш боладан “вызов” тушганлигини, қон қусаётган экан деб айтишди”, дейди яна бир фойдаланувчи.
Шундан сўнг, калтаклангани айтилаётган болакайнинг яна бир видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиши бошланди. Унда Мирфайз Алимжонов ҳаммаси жойида эканлигини, актёрлик маҳорати дарсларига қатнашини, онасининг грим учун махсус упаларидан фойдаланганини, оилада унга нисбатан муносабат яхши эканини айтади.
“Мен у роликни интернетга қўйишни хоҳламаган эдим. Мен тўгаракларга қатнашар эдим. Қани қанақа чиқаркин деб телефонга олмоқчи бўлдим. Онамнинг гримларидан фойдаланган ҳолда. Интернетга чиқармоқчи эмас эдим. Арчанинг олдида хўроз ролини ўйнаб шу роликни олдим. Ўчиришим керак эди. Шошилиб зарядга қўйганимда, пароль йўқлиги учун кимдир ўзига ўтказиб олган.
Эътибор берганингиз учун раҳмат. Менинг шароитим яхши. У гаплар нотўғри. Роликни ўзим кўриб, ўчириб юбормоқчи эдим. Минг бор узр. Ҳаммангизга раҳмат”, дейди унинг ўзи.
Ушбу муҳокамалардан сўнг, биз актриса боланинг онаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина Мухторова билан қўнғироқлашиб вазиятни ойдинлик киритмоқчи бўлдик. Бироқ уринишларимиз зое кетди. Қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.
Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидаги манбаларимиздан қуйидагича маълумот олдик:
“Юнусобод ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, болакай онасига қулоқ солмай қўйган. Актриса ўртанча ўғли Санжар Мухторовдан укасига тарбиявий соат ўтиб қўйишни сўраган. Укасига қўпол муомалада бўлганлиги сабабли актриса ўз иш жойи Ўзбек Миллий академик драма театрида танасини кўкартирувчи бўёқлардан фойдаланиб шундай видеоёзувни тасвирга тушуришган. Актрисанинг ҳамкасбларидан бири видеони интернетга жойлаб юборган”, дейди манба.
Эслатиб ўтамиз, вояга етмаган болаларни муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддасига биноан уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
LiveБарчаси