АҚШнинг Суриядаги махфий операцияларида тинч аҳоли ўлдирилган – NYT
Олам
−
13 Декабрь 2021
4848ИШИД позицияларига зарба беришни мувофиқлаштирган Суриядаги махфий Америка махсус гуруҳи ҳарбийлар учун кўпинча тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келган шубҳали нишонларни таклиф қилган. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси ҳарбий тузилмаларнинг собиқ ва амалдаги вакиллари, шунингдек разведка маълумотларига таяниб ёзган.
Анонимлик шарти билан Talon Anvil отряди ҳақида гапиришга рози бўлган манбаларга кўра, бўлинма хавфсизлик стандартларини эътиборсиз қолдирган. 2014 йилдан 2019 йилгача ишлаган жамоанинг иш услублари бошқа ҳарбийлар ва Марказий разведка бошқармаси вакилларини хавотирга солган. Деҳқонлар, болалар ва оилалар зарбалар қурбони бўлган.
Таъкидланишича, кўплаб зарбалар юқори мартабали ҳарбийлар топшириғи билан эмас, балки гуруҳ ичидаги махсус кучларнинг паст даражали қўмондонлари ташаббуси билан амалга оширилган. Ҳарбий ҳаво кучларининг бомбардимончи учувчилари баъзан бомба ташлашдан бош тортган, чунки улар Talon Anvil аҳоли зич жойлашган ҳудудларда шубҳали нишонларни уришни таклиф қилмоқда, деб ҳисоблашган.
Таъкидланишича, Марказий разведка бошқармаси ходимлари махсус операциялар раҳбариятига юзага келаётган хавотирли вазият ҳақида хабар берган. Шунингдек, баъзи ҳарбий хизматчилар ҳам бир қатор операцияларда қатнашишдан бош тортгани айтилган.
Давлат департаменти ва Пентагоннинг собиқ маслаҳатчиси Ларри Льюиснинг сўзларига кўра, Сурияда бундай зарбалар пайтида тинч аҳоли қурбонлари сони Афғонистондаги шунга ўхшаш операцияларда қурбон бўлганлар сонидан 10 баробар кўп бўлган. Мақолада айтилишича, қўмондонлик қурбонлар сонининг кўпайиши ҳақидаги маълумотларни эътиборсиз қолдирган.