АҚШнинг Россияга босим ўтказиш учун тузилган гуруҳи тугатилди
Олам
−
17 Июнь
6331АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Россияга нисбатан босим чораларини ишлаб чиқиш учун тузилган махфий идоралараро гуруҳ фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда 3 нафар америкалик расмийга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Манбаларга кўра, ушбу гуруҳ жорий йил баҳорида иш бошлаган. Унинг таркибига АҚШ Давлат департаменти, Молия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги (Пентагон) ва разведка идоралари вакиллари кирган. Гуруҳ фаолияти АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ходимлари томонидан мувофиқлаштирилган.
Бироқ “Reuters” суҳбатдошларига кўра, ёзга келиб Трамп маъмурияти Россия билан қарама-қаршиликни кучайтиришга қизиқмаслиги аён бўлган.
“Охир-оқибат ҳамма бу ишни секинлаштирди, чунки Президент бу ерда йўқ эди”, деган расмийлардан бири.
Гуруҳ фаолиятига якун ясаган асосий омил – Миллий хавфсизлик кенгаши таркибидаги Украинага доир масалалар билан шуғулланган бутун жамоанинг ишдан бўшатилиши бўлган. Бу кенг кўламли кадрларни тозалаш доирасида амалга оширилган.
Нашр манбаларига кўра, бу гуруҳ мавжудлиги ҳақида оммага маълумот берилмаган. Трампнинг ўзи ҳам ушбу гуруҳ тузилгани ёки тарқатилганидан хабари бўлган-бўлмагани аниқ эмас. Таҳлилчиларнинг фикрича, гуруҳ фаолиятининг тугатилиши АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари орасида Вашингтоннинг Украинани қўллаб-қувватлаш масаласидаги қатъияти борасида хавотирларни кучайтириши мумкин.
Гуруҳ аъзолари Россияга товар оқимини чеклаш ва ундан энергия ташувчилар экспортини сусайтириш мақсадида собиқ совет республикалари ҳамда Шарқий Европа ва Осиёдаги бошқа давлатларга босим ўтказиш вариантларини муҳокама қилган. Таклифлар иқтисодий битимлардан тортиб, махфий операцияларгача бўлган чораларни ўз ичига олган. “Reuters” манбасига кўра, ҳатто Қозоғистонни санкцияларни четлаб ўтишга қарши фаолроқ курашга ундайдиган рағбатлар яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
LiveБарчаси