АҚШнинг Эронга уруши қанчага тушди?
Олам
−
09:17 3480 2 дақиқа
АҚШнинг Эронга қарши “Эпик ғазаб” ҳарбий операциясининг дастлабки 100 соати тахминан 3,72 миллиард долларга тушди. Бу ҳақдаги маълумотни Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) таҳлилчилари келтириб ўтди.
Бу кунлик ҳисобда қарийб 891,4 миллион доллар сарф қилинганини англатади.
Таҳлилчилар маълумотига кўра, харажатларнинг асосий қисми Эрон ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун ишлатилган бомбалар ва ракеталарга тўғри келади. Дастлабки 100 соат ичида АҚШ ҳарбийлари қўллаган ўқ-дорилар қиймати тахминан 3,1 миллиард долларга баҳоланган.
CSIS қайд этишича, айрим харажатлар, масалан, ҳарбий техникадан фойдаланиш билан боғлиқ сарфлар аллақачон мудофаа бюджетига киритилган. Бироқ кўп қисми бюджетдан ташқари харажатлар ҳисобланади ва бу АҚШ Мудофаа вазирлигидан қўшимча молиялаштириш талаб қилиши мумкин. Бу маблағлар қўшимча бюджет ажратмалари ёки мавжуд маблағларни қайта тақсимлаш орқали қопланиши таҳмин қилинмоқда.
АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эрон ҳудудидаги объектларга зарба бериб, ҳарбий ҳаракатларни бошлаган. Бунга жавобан Эрон Исроил ва Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ иттифоқчиларига ракеталар ва дронлар учирган.
6 март куни АҚШ ва Исроил ҳарбий қўмондонлиги урушнинг “иккинчи босқичи” бошланганини эълон қилди. Бу босқичда ер ости омборлари, ўқ-дори ишлаб чиқариш заводлари ва ракета учириш шахталарига зарбалар берилиши режалаштирилган. Шу куни тунда Northrop B-2 Spirit стратегик бомбардимончилари ҳам операцияга жалб қилинган ва улар ер ости иншоотларини йўқ қилишга мўлжалланган махсус бомбаларни қўллаган.