АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили Норов билан келишиб олди

Жамият

image

Америка Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, афғон халқига гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича юритилаётган сиёсатни юқори баҳоламоқда. Бу ҳақда бугун, 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норовнинг АҚШнинг Афғонистон бўйича Махсус вакили Томас Вест билан учрашувида сўз борди.

Томонлар афғон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва тизимлаштириш зарурлигини қайд этган. Шу нуқтаи назардан, Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришда Термиз шаҳрида яратилган кўп функцияли транспорт-логистика хаби имкониятларидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланган. 

Афғонистоннинг янги ҳукумати кенг вакилликка асосланган ҳукумат тузиш, инсон ҳуқуқларига амал қилиш, аёлларнинг асосий эркинликлари, шу жумладан уларнинг таълим олишлари, ҳаракатланишлари, жамият ҳаётида тенг асосда иштирок этишлари бўйича дунё ҳамжамиятининг талабларини бажариши масаласида ёндашувларнинг ўхшашлиги қайд этилган. 

Афғонистон замини бошқа ҳеч қачон турли халқаро террорчиларнинг бошпанасига айланиб қолмаслиги, минтақа давлатлари ва учинчи мамлакатлар учун хавф туғдирмаслиги кераклиги алоҳида урғуланган. 

Афғонистон миллий иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига комплекс ёндашувни ишлаб чиқиш муҳимлиги эътироф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг