АҚШдаги ёнғин. Қурбонлар сони ортмоқда
Олам
−
16 Сентябрь 2020
4681АҚШ штатларидаги ёнғинлар ва унинг оқибатлари билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.
Ёнғинлар оқибатида Орегон, Калифорния ва Вашингтонда камида 35 киши қурбон бўлган.
Орегон штатининг ўзида 93 минг гектар ўрмон ёнган. Ёнғин қурбонлари сони 10 нафарни ташкил этмоқда. 20 дан кўпроқ киши изсиз йўқолган. 500 мингдан кўпроқ киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Орегон Губернаторининг сўзларига кўра, катта талафотларга сабаб бўлган бу даражадаги ёнғин штатда олдин ҳеч қачон кузатилмаган.
Тинч океани соҳилидаги ёнғинлар таъсирида пайдо бўлган тутун кеча, 15 сентябрь куни AҚШнинг Aтлантика соҳилигача етиб борган. Бу ҳақда Миллий метеорология хизмати хабар берган.
Хабарга кўра, ёнғиндан пайдо бўлган тутуннинг бир қисми 3,5 минг километрдан узоқроққа ҳаракатланиб, AҚШ пойтахти Вашингтонга етиб борган. Тутунни атмосферадаги баланд реактив оқимлар олиб борган.
Ёнғинлар Орегоннинг бешта шаҳри, жумладан Портленднинг ҳаво сифатига энг кўп таъсир кўрсатган. Вашингтон ва Калифорния штатларида ҳавонинг хавфли даражада ифлосланиши қайд этилган.
Маълумот учун, Дональд Трамп Орегон штатидаги офатлар бўйича декларация маъқуллаган. Шу билан бир қаторда, округлар бўйлаб жабрланган шахслар учун грантлар, уйларни вақтинча таъмирлаш ва суғурталанмаган мулк йўқотишларини қоплаш мақсадида арзон нархлардаги кредитлар учун федерал маблағлар тақдим этган.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси