АҚШдаги ўзбекистонлик талабалар сони рекорд даражага етди
Бу қизиқ
−
16 Ноябрь 2023
7439АҚШда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар сони минг нафардан ошди ва шу вақтга қадар қайд этилган кўрсаткичлардан юқорилаб, рекорд даражага етди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Билдирилишича, ушбу кўрсаткич кеча, 15 ноябрь куни эълон қилинган Халқаро таълим алмашинуви бўйича 2023 йилги “Очиқ эшиклар” (Open Doors) ҳисоботида келтирилган. Унга кўра, бу миқдор ўтган ўқув йилига нисбатан 72,6 фоизга ортган.
Жумладан, 2021-2022 ўқув йилида 631 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШ олий таълим муассасаларида таҳсил олган. 2022-2023 ўқув йилига келиб эса, у ерда ўқиётган ўзбекистонликлар сони 1 минг 89 нафарни ташкил этган.
Буларнинг аксарияти ёки 57,2 фоизи бакалавриат босқичига қабул қилинган, 29,9 фоизи магистратура босқичида ўқиган, 7,9 фоизи факультатив амалий машғулотларда қатнашган, 5 фоизи эса инглиз тили ёки бошқа қисқа муддатли таълим дастурларига ўқишга кирган.
“Ўтган ўқув йилида Америка Қўшма Штатларидаги халқаро талабалар сони миллиондан ошиб, ўтган йилга нисбатан 14 фоизга ўсган ва янги юқори кўрсаткич – 1 миллион 57 минг 188 талабани ташкил этган”, дейилади ҳисоботда.
Маълумот учун, “Очиқ эшиклар 2023” дастури Халқаро таълим институти ва АҚШ Давлат департаментининг Таълим ва маданият масалалари бюроси томонидан тузилган.
LiveБарчаси