АҚШда собиқ ҳарбий хизматчи Россияга айғоқчилик қилишда айбланди. У ўзи ким?

Олам 7423
image

Американинг Виржиния штатида АҚШ армияси махсус кучларининг собиқ хизматчиси Россия фойдасига айғоқчилик қилишда айбланяпти. У ҳибсга олинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Виржиния штати Федерал прокуратураси собиқ ҳарбий хизматчи Питер Деббинсни Россияга айғоқчилик қилишда айблади. Айбловчи томон таъкидлашича, у кўнгилли бўлиб рус ҳарбий разведкасига ёрдам берган.

Деббинс кеча, 21 август куни Виржиния штати Гейнсвилл шаҳарчасидаги уйида ҳибсга олинган.

45 ёшли Питер Рафаел Зибински Деббинс 1996 йилда Россияга айғоқчилик қилиш истагини билдирган. У ўзини “Россия фарзанди” деб, унга хизмат қилишга тайёрлигини айтган.

“Деббинс Қўшма Штатлар дунёда меъёрдан ортиқча ҳукмронлик қилаётганига ва уларнинг таъсири чекланиши кераклигига ишонарди”, деган прокуратура.

Айблов хулосасига кўра, Деббинс рус разведкаси вакиллари билан 1996 йилда Миннесота университети талабаси бўлган даврлардан то 2011 йилгача алоқада бўлган. Прокуратура таъкидича, у рус ҳарбий разведкаси билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолаган. Унга Икар Лешников код оти берилган.

Деббинс дастлаб ўз хизмати учун Россия томонидан пул олишни истамаган. Кейинчалик эса озгина тўловга рози бўлган. Тўлов суммаси очиқланмаган.

Маълумот учун, айбланувчининг онаси СССРда туғилган. У эса бўлғуси турмуш ўртоғини Челябинскка сафари вақтида учратган. Улар 1997 йилда турмуш қурган.

Деббинс ҳарбий хизмат қилган вақтда аввал махфий, кейинроқ ўта махфий маълумотларни қўлга киритиш ҳуқуқига эга бўлган.

1998 йилда у Жанубий Кореяга юборилган, кейин АҚШнинг Озарбайжон ва Грузиядаги махсус топшириқлар бўлинмасида хизмат қилган.

2008 йилда у истеъфога чиққан. Аммо бир неча йил давомида Россия ҳарбий разведкаси билан алоқаларини сақлаб қолган.

Деббинснинг ҳибсга олиниши шу ҳафтадаги айғоқчиликка алоқадор иккинчи можаро бўлди. Аввалроқ, Адлия вазирлиги Гаваяда Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходимига айблов эълон қилиб, ҳибсга олганди. У Хитой фойдасига айғоқчилик қилишда айбланган.

Деббинснинг биринчи суди 24 август куни бўлиб ўтади. Унга умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 315
Рейтинг: 2.8
t
×