АҚШда “права” берадиган марказларга қарши катта рейд бошланди
Олам
−
09:56 840 1 дақиқа
АҚШ Транспорт вазирлиги юк машинаси ва автобус ҳайдовчилари учун тижорий ҳайдовчилик гувоҳномаси берадиган сохта ўқув марказларига қарши катта текширув бошлади. Бу ҳақда “Carscoops” хабар берди.
Бу ўқув марказлари Federal Motor Carrier Safety Administration белгилаган қоидаларга амал қилмаган ва энди миллий ўқув марказлари рўйхатидан чиқарилиши мумкин. Беш кун ичида АҚШнинг барча 50 штатида 300 дан ортиқ инспектор иштирокида 1,4 мингдан кўп текширув ўтказилган. Натижада юзлаб мактаблар талабга жавоб бермаслиги аниқланган.
Қоидабузарликлар турлича бўлган: баъзиларининг манзили сохта чиққан, баъзиларида малакали ўқитувчилар йўқ. Айрим марказлар ҳайдовчиларга хавфли юк ташиш қоидаларини умуман ўргатмаган, ўқитиш учун мос бўлмаган машиналардан фойдаланган ёки ўқувчиларни мажбурий имтиҳондан ўтказмаган. Ҳатто баъзи мактаб вакиллари ўз штати талабларига ҳам жавоб бермаслигини тан олган.
Текширувлардан кейин 109 та ўқув муассасаси ўз хоҳиши билан миллий рўйхатдан чиққан. Яна 448 тасига эса хавфсизликнинг асосий талабларига риоя қилмагани учун рўйхатдан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.
АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи юк ташиш соҳаси узоқ вақт деярли назоратсиз ишлаганини айтиб, энди ҳайдовчиларни тайёрлаш жараёнининг ҳамма босқичида қатъий назорат бўлишини билдирган. Мақсад – йўлларда хавфсизликни ошириш.
Бу кампания юк ташиш соҳасини тартибга солиш бўйича кенгроқ режанинг бир қисми ҳисобланади.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль
Трамп Орбанга ўзининг паноҳидалигини айтди
19 Февраль