АҚШда Хитой орқали Россияга зарба бериш таклиф қилинди
Олам
−
27 Июль 2022
16869АҚШ Конгресси Сенати аъзоси Марко Рубио (Флорида штатидан, республикачи) бошчилигидаги америкалик сенаторлар ҳукуматни Россия нефти ва бошқа энергетика маҳсулотларини Хитойга сотишига қарши санкциялар жорий этишга чақирди. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, сенаторлар Марко Рубио, Рик Скотт ва Кевин Крамер Россиядан Хитойга нефть ёки суюлтирилган газ ташувчи танкерларни суғурталовчи, рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай ташкилотга нисбатан жазо чораларини белгиловчи қонун лойиҳасига ҳомийлик қилган.
Агентлик маълумотларига кўра, Россия нефтини Хитойга етказиб беришнинг тўхтатилиши Пекин томонидан Яқин Шарқ ва Африка нефти учун кучли рақобатга сабаб бўлиши мумкин, бу эса хомашё нархининг ошишига олиб келади.
“Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар томонидан Россия нефтини сотиб олишга қўйилган эмбарго нархларнинг кескин ошишига олиб келди, бу эса Россия Федерациясига катта ҳажмдаги хомашёни бошқа бозорларга, биринчи навбатда Ҳиндистон ва Хитойга йўналтириш ва ҳаттоки даромадларни ошириш имконини берди”, дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, Россия Федерацияси Бош вазирининг ўринбосари Александр Новак, аввалроқ, Россия нефти нархини чеклаш йўлидаги қадамларни бозор механизмларига аралашишнинг навбатдаги уриниши деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу фақат бозор мувозанати, энергия танқислиги ва нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин.
LiveБарчаси