АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши кутилмоқда

Олам 60251
image

АҚШ маъмурияти расмийлари маймунчечакни АҚШда соғлиқни сақлаш учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Оқ уйнинг коронавирусга қарши чоралар координатори Ашиш Жа маълум қилди. 

“Қўшма Штатларда биз ҳозир Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилиши мумкинлигини кўриб чиқмоқдамиз, аммо бу ҳақиқатан ҳам нима қила олишимизга боғлиқ”, дейди Жа CBS телерадиокомпаниясига берган интервьюсида. 

Унинг қайд этишича, айни вақтга қадар АҚШда 2000 дан ортиқ маймунчечак беморлари аниқланган. 

Шу билан бирга, Америка расмийлари эмлаш ва синовлар кўламини оширган ҳамда келажакда улар бу соҳада юритилиши мумкин бўлган сиёсат вариантларини кўриб чиқмоқчи. Мутахассис тестлар мавжудлиги туфайли маймунчечак эпидемиясини аниқлаш мумкинлигига ишонч билдирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Оқ уйнинг пандемия масалалари бўйича координатори Раж Панжобий Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маймунчечак эпидемиясини жамоат саломатлиги учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилганидан келиб чиқиб, вирус тарқалишини назорат қилиш учун халқаро ҳамжамият томонидан келишилган ҳаракатлар зарурлигини айтган эди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус маймунчечак эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда 75 та давлат ва ҳудудларда 16 мингдан ортиқ инфекция ҳолатлари қайд этилган ва беш киши вафот этган. 

Маълумот учун, маймунчечак камдан-кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан тропик ўрмонлар яқинида жойлашган марказий ва ғарбий Африканинг чекка ҳудудларида кузатилади. Ушбу касалликни ҳайвонлардан одамларга юқтиришнинг биринчи ҳолати 1970 йилда Конго Демократик Республикаси ҳудудида қайд этилган. ЖССТ маълумотларига кўра, вирус одамларга кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан юқади ва унинг одамдан одамга юқиши орқали иккиламчи тарқалиши чекланган. Одатда, маймунчечак эпидемияси учун ўлим даражаси 1% дан 10% гача. Ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади. Маймунчечакка қарши махсус эмлаш мавжуд эмас, аммо чечакка қарши эмлаш бу касалликдан 85% даражада ҳимоя қилади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 775
Рейтинг: 3
t
×