АҚШда эркак тўйи куни отиб ўлдирилди
Олам
−
17 Октябрь
15501АҚШнинг Шимолий Каролина штатида куйов ўзининг тўйи куни отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Daily star” хабар берди.
Қайд этилишича, 37 ёшли Тирек Буртон воқеа содир бўлган куни ўзи билан 16 йил бирга яшаган рафиқаси билан никоҳдан ўтиб, буни нишонлаётган бўлган. Бироқ тўй кутилмаганда фожиага айланган. Тўрт фарзанднинг отаси бўлган Буртон ўзига мутлақо бегона одам томонидан отиб ўлдирилган ва турмуш ўртоғи кўз ўнгида вафот этган.
Нашрга кўра, маҳаллий вақт билан тахминан соат 20:45 да Буртон тўй маросими бўлаётган жойдан ташқарига чиққанида гумонланувчи унга 15 маротаба ўқ узган. Оила вакилларига кўра, Буртон гумонланувчининг машинаси йўлини кесиб ўтгани учун ўлдирилган. Полиция воқеа содир бўлган жойга етиб борган.
Марҳумнинг синглиси Бриттаний Буртоннинг сўзларига кўра, унинг акаси автомобиль ҳайдовчисидан йўлини кесиб ўтгани учун кечирим сўраган, бироқ бир лаҳзадан сўнг номаълум эркак акасига қарата ўқ уза бошлаган.
“Акам бу одамни умуман танимасди, улар ҳеч қачон учрашмаган. У ундан исмини ҳам сўрамаган. Улар ҳеч қачон қўл ҳам сиқишмаган. У акамни шафқатсизларча ўлдирди”, деди Бриттаний.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи Буртонни отганидан сўнг воқеа жойидан қочиб кетган. Унинг оиласи гумонланувчини қўлга олиш учун жамоатчиликдан ёрдам беришни сўрамоқда. Полиция ҳозирда ҳодисани тергов қилишга киришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Алабама штати Бирмингем шаҳрида содир бўлган отишма оқибатида тўрт киши ҳалок бўлиб, ўн етти киши яраланган эди.
LiveБарчаси