АҚШда банк мижозга адашиб 81 трлн доллар пул юборди
Олам
−
01 Март 14833 2 дақиқа
АҚШдаги Citibank (Citigroup шўба корхонаси) мижозга 280 доллар ўрнига 81 триллион доллар пул юборди. Бу ҳақда кредит ташкилотининг ички ҳужжатларига таяниб, “Financial Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, мазкур операцияни икки ходим тасдиқлаган – бири тўлов бўлими ходими, иккинчиси эса транзакцияларни текширишга масъул шахс бўлган.
FT маълумотларига кўра, пул ўтказмаси 2024 йил апрель ойида амалга оширилган. Хатолик транзакция амалга оширилганидан бир ярим соат ўтиб учинчи ходим томонидан аниқланган. У банкнинг ўз ҳисобларидаги қолдиқларни таҳлил қилаётиб, муаммони сезган.
Бир неча соат ичида ушбу ўтказма бекор қилинган. Манбага кўра, маблағлар банкдан чиқиб кетишга улгурмаган, чунки транзакция кейинги иш куни бажарилиши лозим бўлган. Банк ҳодиса ҳақида АҚШ Федерал резерв тизими ва бошқа назорат органларини хабардор қилган.
Citibank расмий баёнотида айтилишича, ички назорат механизмлари хатони тезда аниқлаб, маблағ ҳаракати тўхтатилган, шунингдек, банкдан маблағ ечиб олишнинг олди олиниши кафолатланган.
“Бу ҳодиса банк ёки мижозга таъсир кўрсатмаган бўлса-да, биз қўлда бажариладиган жараёнларни йўқ қилиш ва автоматлаштириш тизимларини яхшилаш устида доимий ишлаётганимизни кўрсатади”, дейилади Citigroup баёнотида.
2024 йилда Citibank 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган 10 та шунга ўхшаш хатоликни деярли йўл қўйишига сал қолган, аммо уларнинг барчаси бекор қилинган. 2023-йилда эса хато билан амалга оширилган йирик ўтказмалар сони 13 тага етган.
Citigroup активларининг умумий қиймати ушбу хатолик оқибатида ўтказилган 81 триллион долларни қоплашга етмайди – 2024 йил сентябрь ҳолатига кўра, банк активлари 2,4 триллион долларни ташкил қилган.
Live
Барчаси