АҚШда 8 ой олдин отиб ўлдирилган ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилди

Олам

image

АҚШда 8 ой олдин отиб ўлдирилган ўзбекистонлик фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда “New York Daily News” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳрида яшовчи 43 ёшли ўзбекистонлик Шеҳроз Тоҳиров 2022 йил 26 июнь куни уйидан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Шундан сўнг, унинг оила аъзолари полицияга мурожаат қилган. 

Қариндошларининг айтишича, унинг руҳий ҳолати жойида бўлган. Дастлабки қидирув натижаларига кўра, Тоҳировнинг мобил телефони СИМ-картаси Бруклиндаги “Best Buy” савдо маркази ёнидан топилган.

Жорий йилнинг 21 февраль куни Элленвилл шаҳридаги Ulster Heights йўлидаги уй орқасида иккита юкхалта ичида унинг жасади деб тахмин қилинган одамнинг ўлик танаси топилган.

Федерал прокурорларнинг маълум қилишича, у отиб ўлдирилган.

Унинг ўлимида гумонланиб қўлга олинган грузиялик Шломо Патчиев ва унинг мамлакатдан қочиб кетган, исми ошкор қилинмаган шериги Шеҳроз Тоҳиров йўқолишидан олдин у билан учрашган. Улар Тоҳировдан 500 минг доллар талаб қилган. Тоҳировнинг қизи дадасининг ўлими юзасидан интервью беришдан бош тортган.

Прокуратура томонидан тақдим этилган кўплаб далиллар Патчиев жиноятни яширган ва қотилликка алоқадор одамлигини тасдиқлаган бўлсада, у товламачиликда айбланиб, 350 минг доллар гаров эвазига озодликка чиқарилган.

“Шеҳроз яхши инсон эди, маҳаллада фаол биродар эди”, дейди Тоҳиров ишлаган жой яқинидаги “Имом Абу Ҳанифа” масжидида ишлаган дўсти.

Маълум бўлишича, Тоҳиров Нью-Йоркка келишидан олдин унинг Огайодаги меҳмонхоналарга хизмат кўрсатадиган тозалаш корхоналари бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

қотиллик ўзбекистонлик Нью-Йорк

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг