АҚШда 40 минг долларлик тухум ўмариб кетилди

Олам

image

АҚШнинг Пенсильвания штатида парранда гриппи сабаб юзага келган тухум танқислиги ва нархларнинг ошиши фонида номаълум шахслар 100 минг дона товуқ тухумини ўғирлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Телеканалга кўра, ҳодиса жорий йил 1 февраль куни Гринкасл шаҳрида рўй берган. Ўғирланган маҳсулотнинг қиймати 40 минг доллар деб баҳоланмоқда. Тухумлар Pete & Gerry’s Organics компаниясига тегишли завод ёнида тўхтаб турган юк машинасидан олиб кетилган. Компания вакиллари телеканалга берган баёнотида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тергов олиб борилаётганини маълум қилган.

“Биз бу ишга жиддий ёндашмоқдамиз ва уни имкон қадар тезроқ очишга интиламиз. Тергов давом этаётганлиги сабабли тафсилотлар бўйича изоҳ бера олмаймиз”, дейилади компания баёнотида.

Маълумот учун, сўнгги ойларда АҚШда тухум танқислиги кузатилмоқда ва нархлар юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бунга 2024 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 17,2 миллион тухум қўювчи товуқнинг нобуд бўлгани сабаб бўлди. Паррандалар сонини тиклаш учун бир неча ой талаб этилади. Бир йил аввал тахминан 3,5 доллар атрофида бўлган 12 дона (1 жюзина) тухумнинг январь ойидаги нархи 5,29 долларни ташкил қилган. Баъзи штатларда дўконлар бир кишига битта тухум қутисидан ортиқ сотмаслик бўйича чекловлар жорий қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Тухум ўғирлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг