АҚШда 23 кишини ўлдирган қотил 90 умрлик қамоққа ҳукм қилинди
Олам
−
08 Июль 2023
85672019 йилда Америка Қўшма Штатларининг Техас штатидаги Walmart савдо марказида оммавий отишма содир этиб, 23 кишини ўлдирган, 22 кишини эса ярадор қилган 24 ёшли оқ танли миллатчи Патрик Крусиус федерал судья томонидан кетма-кет 90 умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия департаменти маълум қилди.
2019 йил 3 август куни Эль-Пасо шаҳрида содир бўлган отишмада Патрик Крусиус ирқий сабабларга кўра, испаниялик харидорларни нишонга олган. Ҳужум олдидан у онлайн манифестини эълон қилиб, бу ҳаракати Техасдаги "испанларнинг босқинига" жавоб бўлишини таъкидлаган.
Суд жараёнида Крусиус сукут сақлаган ва ҳукм чиқарилганда ҳеч қандай муносабат билдирмаган.
АҚШ округ судьяси Дэвид Гуадеррамнинг тавсиясига кўра, Крусиус жазони Колорадодаги максимал хавфсизлик муассасасида ўтайди, у ерда Патрик Крусиус оғир руҳий саломатлик ҳолати учун зарурий даволаниш ва маслаҳат олиш имкониятига эга бўлади.
Жорий йилнинг февраль ойида ўз айбига иқрор бўлиб, Крусиус федерал ўлим жазосидан қочган, аммо у ҳали ҳам Техас штатида ўлим жазосига олиб келиши мумкин бўлган айбловларга дуч келмоқда.
Крусиуснинг адвокати отишмани руҳий касаллик билан изоҳлаган, бироқ прокурорлар у қирғинни амалга оширганида ўз ҳаракатларидан тўлиқ хабардор эканлигини таъкидлаган.
Прокурорларнинг маълум қилишича, Крусиус қирғиндан олдин АК-47 милтиғининг Руминия варианти ва ичи бўш ўқ-дорилар билан қуролланган ҳолда Даллас чеккасидан Эль-Пасогача 600 миль (965 километр) масофани босиб ўтган.
"Бу мамлакатда ҳеч ким нафратга асосланган зўравонликдан, ўз ташқи кўриниши ёки қаердан эканлиги туфайли нишонга олиниши мумкинлигидан қўрқиб яшаши керак эмас. Бугун эълон қилинган кетма-кет 90 умрлик қамоқ жазоси Патрик Крусиус Эль-Пасодаги ҳалокатли, ирқчилик ҳаракати учун умрининг қолган қисмини қамоқда ўтказишини кафолатлайди", дейди АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд.
Маълумот учун, Крусиус отишма пайтида ўдирган кишилар орасида 15 ёшли ўрта мактаб спортчисидан тортиб, муҳожирлар, нафақадаги шаҳар автобус ҳайдовчиси, ўқитувчилар, собиқ темирчи каби малакали ишчилар ва мунтазам харид қилиш учун АҚШ чегарасини кесиб ўтган турли Мексика фуқаролари бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШда теракт уюштирган ўзбекистонлик 8 умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь