АҚШда 10 ёшли ўғлини босиб ўлдирган 150 килоли аёл қамалди
Олам
−
11:37
3443АҚШда жорий йилнинг 17 январь куни 10 ёшли асранди ўғлининг хулқ-атворидан норози бўлиб, жазо сифатида унинг устига ётиб олган ва беш дақиқа давом этган бўғилиш туфайли боланинг ўлимига сабабчи бўлган 150 килограммли аёл 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда WSMV-TV хабар берди.
Воқеа 2024 йилнинг апрель ойида содир бўлган. Боланинг ўгай онаси, 48 ёшли Женнифер Ли Уилсон марҳум Дакота Стивенснинг хатти-ҳаракатларидан нолиб, уни жазоламоқчи бўлган ҳамда болани тагига босган ҳолда, унинг устидан бир неча дақиқа вақт тушмаган. Бола 27 апрель куни Индиана штатида ёш бола билан боғлиқ фавқулодда тиббий ёрдам учун полиция чақирилганидан икки кун ўтиб вафот этган. Аёл эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдиришда айбланиб, ҳибсга олинган.
Полиция текширувлари пайтида боланинг пастки бўйин ва кўкрак қисмида кўкаришлар борлиги аниқланган. Дакота зудлик билан яқин атрофдаги шифохонага етказилган ва у ерда компьютер томографияси унинг миясида кучли шиш борлигини кўрсатган. Бу эса ҳужжатларда ёзилганидек, узоқ вақт давомида кислород етишмаслиги билан мос келиши мумкин.
Уилсоннинг айтишича, Дакота оғзаки ва жисмоний тажовуз билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ва у ўша куни ҳаяжонланган ҳолда уйғонган. Бир пайт аёл болаларга уй ишларини тугатгандан кейин ташқарига чиқиб ўйнаши мумкинлигини айтган. Дакота эса уй ишларини қилмоқчи эмаслигини айтган. Аёл уй ишларини қилиш кераклиги, акс ҳолда ҳеч ким ташқарига чиқолмаслигини билдирган. Бола эса унинг гапига кирмаган ва уйдан чиқиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Тверь вилоятидаги “Межурка” боғдорчилик уюшмасида жойлашган уйдан тўрт нафар боланинг зўравонлик аломатлари билан ўлдирилган жасадлари топилганди. Ҳодисада бош гумондор сифатида болаларнинг отаси кўрилмоқда.
LiveБарчаси