АҚШ ё Россия. Ўзбекистон кимни танлайди?
Таҳлил
−
13 Март 2023
32605Дунё ва Ўзбекистон. Охирги беш йилда Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистоннинг ҳам қўшнилар, ҳам дунё мамлакатлари билан алоқалари яхшиланди. Қўшнилар тугул, Ғарб давлатлари билан ҳам олақарашларга нуқта қўйилди. Прагматик алоқаларнинг этагидан тутилди. Албатта, бу ўзаро ишончни пайдо қилди, Ислом Каримов даврида Ўзбекистонга қўйилган санкциялар олиб ташланди, қарзлар берилди. Аммо бу қарзларга нисбатан қўйиладиган шартлар ҳам ортди. Инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги ва яна қатор ҳуқуқлар... Ҳукумат дунё ҳамжамияти олдида қанчалик ўзгарганини давомий текшириб бориш учун халқаро ташкилотлар муттасил кузатувларини олиб бормоқда ва ҳисоботларини эълон қилмоқда.
Албатта, катта сиёсат майдонида ҳал қилувчи овозга эга бўлиш, шунчаки бир четда қолиб кетмаслик Ўзбекистон раҳбариятига оғир масъулиятни юклайди. Айниқса, дунёнинг ҳар бурчагида у ёки бу бўҳрон бўлаётган, қўшни Афғонистон тин олмаётган ва Россия Украинага бостириб кирган, Хитойнинг қулочи эса кенгайиб бораётган бугунимиз кечамиздан янада оғирроқ саволларни ўртага чиқаради. Бу саволнинг асосийси эса Ўзбекистон дунёга содир бўлаётган воқеаларда кимнинг тарафида эканида. Шу бугун бу савол Президент Шавкат Мирзиёев томонидан янгради ва жавобни ҳам унинг ўзи берди.
Украина ҳақида гапириб, кўринмай кетган Комилов
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ким томонда? Айтайлик, бир йилдан бери тинмаёттган Россия-Украина урушида қайси тарафдамиз? Бугунгача Ўзбекистон Ҳукумати бу мавзуга узоқ тўхталмай келаётган эди. 2022 йилнинг 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида ҳисобот берган ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғатаётгани, расмий Тошкент вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдорилиги, бунинг учун, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарурлигини, Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини ҳамда Донецк ва Луганск “халқ республикалари” деб аталаётган ҳудудларни, Россияники деб тан олмаслигини айтганди.
Шундан кейин Комилов бир ой ҳеч қаерда кўриниш бермади ва лавозимини тарк этди.
Унинг ўрнига келган Норов эса бу мавзу ҳақида умуман миқ этмай, ўрнини ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Саидовга бўшатиб берди. Саидов ҳам ҳозиргача Россия-Украина уруши масаласида баёнот бергани йўқ.
Уруш ҳақида гапиришни бошлаган Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев эса биринчи марта Украинадаги урушни шу йилнинг 20-21 февраль кунлари Миср Араб Республикасига ташрифи давомида тилга олди.
“Россия-Украина бўйича ҳам жуда кўп мулоқот қилдик ва қарашларимиз, йўналишларимиз бирлиги тасдиқланди”, дейди давлат раҳбари.
Шу холос. Президент бу масалага ортиқча тўхталмаган ва бу ўзаро мутаносиб қарашлар қандайлиги мавҳум.
Шавкат Мирзиёев яна дунёда содир бўлаётган воқеалар ва бунда Ўзбекистоннинг ким томондалиги ҳақида гап очди. У бу ҳақда бугун, 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифида гапирган.
Ўзбекистон, ё у томонга ўт, ё бу томонга
“Катта-катта давлатларнинг вакиллари келиб “Ўзбекистон сен ким томондасан? Нейтрал бўлиб юришинг бўлди энди. Ё у томонга ўт, ё бу томонга”, деб даъват қиляпти. “Бизга керак Ўрта Осиёда Ўзбекистон, 36 млн бўлди, 3-4 йилда 40 млн бўлади, катта давлат бўлади, ким томонсан”, деяпти”, деган Мирзиёев.
Шу ўринда савол туғилади: Ўзбекистон раҳбарига у ёки бу томонни танлашни таклиф қилаёттганлар ким? Бу ўринда охирги содир бўлган воқеалар эътиборни икки мамлакат, Россия ва АҚШга қаратишимизга мажбур қилади.
Блинкеннинг келиши, безовта Путин
Гап шундаки, жорий йилнинг 28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Марказий Осиёнинг икки мамлакати – Қозоғистон ва Ўзбекистонга келиб, Президентлар Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан учрашди. БлинкенТошкентда ўтказган матбуот анжуманида айтишича, у Ўзбекистон раҳбарияти билан Россиянинг Марказий Осиёга мумкин бўлган таҳдиди, инсон ҳуқуқлари, сўз ва матбуот эркинлиги, Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар масалалари муҳокама қилган.
Мирзиёевнинг айтларидан кўриняптики, Блинкен ташрифда Тошкентга у ёки бу томонни танлаш, нейтарлликдан воз кечишни ҳам талаб қилган.
Блинкеннинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифидан икки кун ўтиб, 3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тўқаев Чимкентда норасмий учрашув ўтказди. Президент Матбуот хизмати тарқатган расмий хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Орадан бир неча кун ўтгач, Путин икки мамлакат раҳбарларига қўнғироқ қилиб, мулоқот қилди. Уч мамлакат раҳбарларининг Матбуот хизмати берган расмий хабарларда суҳбатда икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
Ўлишга ҳам тайёрман – Мирзиёев
Бугун Президентнинг Сурхондарёга ташрифида айтган гаплари, шу кунларда кўрган кечирганларимиз яна ўша саволни ўртага чиқаради. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ким томонда? Бу саволга жавобни ҳам Мирзиёевнинг ўзи айтди:
“Саволга жавоб битта: бир томонман! Миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимни манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман деб жавоб бераман!”
Бетараф Ўзбекистон
Ўзбекистон Россия-Украина урушида бетараф қолаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 23 февраль куни Украина бўйича махсус сессияси чоғида Россиянинг Украинага бостириб киришига бир йил тўлишига бағишланган Россияга қарши резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга 141 давлат овоз берди, 7 давлат қарши чиқди. Улар орасида Россиянинг ўзи, Беларусь, Шимолий Корея, Мали, Никарагуа, Сурия ва Эритрея бор. 32 давлат, жумладан Ўзбекистон бетараф қолди.
Ҳужжатга кўра, можаронинг бошланиши учун жавобгарлик фақат Россия зиммасига тушади. Матн томонларни тинч аҳоли ва маҳбуслар олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақиради. Шунингдек, миллий ёки халқаро даражада тегишли, адолатли ва мустақил тергов ва таъқиб қилиш орқали Украинада содир этилган энг оғир жиноятлар учун халқаро ҳуқуққа мувофиқ жавобгарликка тортилиши зарурлигини таъкидлайди.
Дунёда содир бўлаётган ҳеч бир воқеа, айниқса, у Россия ва Украина уруши сингари кенг кўламли бўлса, Ўзбекистонга ҳам таъсир этмас қолмайди. Бунда эса ҳиссиётларга берилмай, ҳатто, изоҳларда ҳам етти ўлчаб бир кесган маъқул.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь