АҚШ яна Париж иқлим келишувидан чиқиши мумкин – NYT
Олам
−
09 Ноябрь
1123Америка Қўшма Штатлари сайловда ғалаба қозонган Дональд Трампнинг президентлиги давомида қайтадан Париж иқлим келишувидан чиқиши, шунингдек, бир қатор табиатни муҳофаза қилиш чекловларини бекор қилиш бўйича ислоҳотларни амалга ошириши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The New York Times” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Трамп жамоаси иқлим ва энергетика соҳаларида бир неча ижро фармонларини тайёрлаган. Уларда АҚШнинг Париж иқлим келишувидан чиқиши ва мамлакат ғарбидаги ҳимояланган табиат ҳудудлари майдонини қисқартириш кўзда тутилган бўлиб, бу нефть қазиб олишни кенгайтириш имконини яратади. Шунингдек, 7 минг нафар ходимга эга бўлган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги бош қароргоҳини Вашингтондан бошқа шаҳарга кўчириш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.
Шу тариқа, республикачилар вакили Трамп демократик партиядан амалдаги Президент Жо Байденнинг барча экологик ҳаракатларини рад этишни мақсад қилмоқда. Байден эса муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ва углерод чиқиндиларини камайтиришни қўллаб-қувватлаб келган.
Бундан ташқари, янги ҳукумат анъанавий энергия манбаларини кўпайтириш ишларини давлат муассасалари бўйича мувофиқлаштириб борадиган асосий энергия координатори лавозимини ташкил этишни ҳам кўзламоқда. Бу лавозимга бўлажак номзодлар сифатида Шимолий Дакота штати губернатори, миллиардер Дуг Бергум ва Трампнинг биринчи маъмуриятидаги собиқ Энергетика вазири Дэн Бруйетт кўрсатилмоқда.
Маълумот учун, Париж иқлим келишуви 2015 йил 12 декабрда қабул қилинган. Ҳужжатга АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа 175 давлат имзо чеккан. Бу тарихда биринчи марта барча давлатларни иқлим ўзгаришларини чеклаш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштирган келишув ҳисобланади. Унинг мақсади глобал исишни саноатгача бўлган даврдаги даражадан 1,5 даража пастда ушлаш ва 2100 йилгача ўртача глобал ҳароратнинг икки даражадан ошиб кетишининг олдини олиш.
АҚШ 2017 йилда Париж келишувидан чиқишини эълон қилган, аммо расман фақат 2020 йил ноябрда чиқишга муваффақ бўлган. Байден ўзининг биринчи иш кунида, 2021 йил 20 январда, АҚШни келишувга қайтариш тўғрисида фармон имзолаган.