АҚШ Ямандаги ҳусийлар нишонларига ракета зарбалари берди
Олам
−
05 Октябрь
3694Кеча, 4 октябрь куни Қўшма Штатлар Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги қатор нишонларга ракета зарбалари берди. Бу ҳақда “АP News” хабар берди.
Аввалига Америка қўмондонлигидан бу ҳақда ҳеч қандай расмий хабар йўқ эди, бироқ ҳусийлар томонидан назорат қилинадиган Яман ОАВларининг хабарлари анонимлик шарти билан АҚШ маъмурияти вакили томонидан тасдиқланган.
Ушбу хабарларга кўра, ҳужумлар Америка ҳарбий самолётлари ва кемаларидан амалга оширилган. Нишонлар орасида Қизил денгиз соҳилидаги Ходейда шаҳридаги аэродром ва ҳарбий база бор эди. Ҳусийлар назорати остидаги пойтахт Сана, шунингдек, Дамар шаҳрида бир нечта нишонга зарба берилди. Яманнинг “Al Masirah” телеканали Британия қўшинлари америкаликлар билан бирга зарбалар берганини даъво қилган, бироқ Британия ҳукуматидаги манбалар буни рад этмоқда. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Кейинроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Х ижтимоий тармоғида Ямандаги ҳусий нишонларига қилинган ҳужумлар ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
“Зарбалар жангарилар назорати остидаги ҳудудлардаги 15 та нишонга берилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, операциядан мақсад Америка, коалиция ва савдо кемалари учун навигация эркинлиги ва халқаро сувлар хавфсизлигини ҳимоя қилиш эди.
2023 йил октябрь ойидан бери ҳусийлар Араб денгизи ва Боб аль-Мандеб бўғозида Исроил билан боғлиқ деб ҳисобланган хорижий кемаларга мунтазам ҳужум қилиб келади. Шу пайтгача иккита кема чўкиб кетди, яна бир нечтаси зарар кўрди. Ҳусийлар АҚШнинг бир нечта кузатув дронларини ҳам уриб туширишга муваффақ бўлди. Илгари Қўшма Штатлар ҳусийларнинг АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг кемалари ҳамда ҳарбий кемаларига ҳужумларига жавобан Ямандаги ҳусий нишонларига бир неча бор зарбалар берган. Исроил, шунингдек, Яманни бир неча бор бомбардимон қилган, жумладан, Ходейда портини вайрон қилган.