АҚШ Яқин Шарқдаги қўшинларини кучайтирмоқда
Олам
−
07 Август
3716Пентагоннинг Эрон ва унинг иттифоқчиларининг эҳтимолий ҳужумларига қарши Исроилни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари доирасида АҚШ Яқин Шарққа қўшимча кучлар юборади. Ўнга яқин F/A-18 қирувчи самолётлари АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базасига USS Тhеоdor Roosevelt авиаташувчи кемасидан учиб кетди. Бу ҳақда бугун, 7 августга ўтар кечаси исми ошкор этилмаган расмийга таяниб, “Associated Press” хабар берди.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Яқин Шарқдаги кучлар гуруҳини минтақадаги ўз қўшинларини ва Исроилни Эроннинг таҳдидларидан ҳимоя қилиш мақсадида кучайтиришни буюрган.
"Қўшма Штатлар бизнинг ходимларимиз ва минтақадаги манфаатларимизни, жумладан, Исроилни ҳимоя қилишга содиқлигимизни қўллаб-қувватлайди", деган Пентагон раҳбари.
Шунингдек, ҳозирда Яқин Шарқда жойлаштирилган авиаташувчи зарба гуруҳини алмаштириш назарда тутилмоқда. USS Abraham Linkoln энди USS Theodore Roosevelt ўрнини эгаллайди ва Американинг минтақадаги иштирокини баллистик ракетага қарши мудофаа олиб боришга қодир бўлган бир қатор крейсерлар ва эсминецлар билан тўлдиради. Бундан ташқари, мудофаа авиациясини қўллаб-қувватлаш имкониятларини ошириш мақсадида Яқин Шарқда қўшимча қуруқликдаги ракеталарга қарши мудофаа ва қўшимча қирувчи эскадрон жойлаштирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Эрон таҳдидига қарши АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун қўшимча жанг самолётлари, шунингдек, баллистик ракеталарга қарши мудофаа қобилиятига эга крейсер ва эсминецлар юборилиши ҳақида хабар қилинганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси