АҚШ Вакиллар палатасига янги Спикер сайланди
Олам
−
26 Октябрь 2023
5270Америкалик конгрессмен Майк Жонсон (Луизиана штатидан, республикачи) Вакиллар палатаси Спикери этиб сайланди.
Жонсон 220 та овоз олди, бу унинг ғалаба қозониши учун етарли бўлди.
"Луизиана штатидан Майк Жонсон кўп овоз олди ва тегишли тартибда Вакиллар Палатасининг спикери этиб сайланди", деган вақтинчалик спикер сифатида хизмат қилувчи Патрик Макгенри.
25 октябрга ўтар кечаси ёпиқ овоз беришда республикачиларнинг аксарияти Жонсоннинг Вакиллар палатаси спикери лавозимига номзодини қўллаб-қувватлади. Бу пост АҚШ ҳукумати иерархиясида учинчи ўринда туради.
Маълумот учун, Жонсон ўтмишда АҚШнинг Украинага ёрдами билан боғлиқ айрим қонун ҳужжатларига қарши овоз берган. Унинг таъкидлашича, Киев олинган маблағларни қандай сарфлаши ҳақида тўлиқ ойдинлик талаб этилади. Яқин вақтгача у нисбатан кам танилган конгрессмен эди. Жонсон АҚШ Конгресси Қуйи палатасининг Суд-ҳуқуқ қўмитасида, шунингдек, унинг Қуролли кучлар қўмитасида ишлаган. У Американинг аввалги президенти Дональд Трампнинг ашаддий тарафдори саналади.
Эслатиб ўтамиз, 3 октябрь куни Вакиллар палатасида кўпчилик Кевин Маккартининг (Калифорниядан) спикерлик лавозимидан четлатилишини қўллаб-қувватлади. АҚШ тарихида биринчи марта Вакиллар палатаси спикери лавозимидан четлатилди. Маккарти лавозимини тарк этгач, конгрессменлар Жим Жордан (Огайо штатидан) ва Стивен Скализ (Луизиана штатидан) номзодларини кўриб чиқди. Бироқ улар қонунчилар томонидан зарур миқдорда қўллаб-қувватланмади.
Янги спикер сайлангунга қадар Конгресс қуйи палатасининг иши амалда фалаж бўлиб қолди. Конгрессменларга муҳим масалалар, жумладан, 1 октябрда бошланган 2024-молия йили учун бюджет, шунингдек, Украина ва Исроилга янги йирик ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича овоз бериш ҳуқуқи берилмаган.
LiveБарчаси