АҚШ ва Европа Хоманаийнинг кейинги вориси ҳақида бош қотиряпти

Олам

image

АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатлари Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийдан кейинги вориси ким бўлиши ҳақида яширин музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда америкалик ва европалик дипломатларга таяниб, CBS News хабар берди.

Дипломатлар шунингдек, Эроннинг ядро объектлари ва хавфли материалларини сақлаш имконияти, уларга қарши ҳужумлар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган экологик ва тиббий хавфлар ҳақида ҳам муҳокамалар олиб бораётганини маълум қилган. Уларнинг фикрича, келгуси икки ҳафта дипломатик ечимга эришиш учун “сўнгги имконият” бўлиши мумкин.

Ислом инқилобидан сўнг Эронни олий раҳбар – Оятуллоҳ бошқаради. Бу лавозим ҳозирда Али Хоманаийга тегишли бўлиб, у 1989 йилдан буён ҳокимиятда. 86 ёшли Хоманаий давлатдаги барча муҳим қарорларни қабул қилиш ваколатига эга ва Қуролли кучлар бош қўмондони ҳам ҳисобланади. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса сиёсий жиҳатдан Хоманаийдан паст туради.

Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро кучайганидан икки кун ўтиб, “The Wall Street Journal” Исроил амалдорларига таяниб, Эроннинг ҳар қандай ҳарбий нишони, ҳатто Оятуллоҳ Али Хоманаийни йўқ қилиш ҳам кўриб чиқилаётганини хабар қилди. Бу орада Исроил армияси 20 дан ортиқ юксак мартабали эронлик ҳарбийларни ва 9 нафар ядро олимини йўқ қилганини эълон қилди.

Шундан сўнг “Reuters” икки манбага асосланиб, АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроилнинг Хоманаийни йўқ қилиш режасига вето қўйганини ёзди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўзига суиқасд уюштирилган тақдирда лавозимини эгаллаш учун учта номзодни танлаганди. Хоманаий олий раҳбар лавозимига номзод сифатида учта юқори мартабали уламони танлаган, шунингдек, юқори мартабали амалдорлар яна бир бор йўқ қилинган тақдирда ҳарбий қўмондонлик занжиридаги ворислар ҳақида ҳам қарор қабул қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг