АҚШ ва ЕИ Украинани тиклаш учун 800 млрд долларлик режа ишлаб чиқди – ОАВ

Олам

image

АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинани урушдан сўнг тиклашга ёрдам бериш учун жами 800 млрд АҚШ доллари маблағ жалб қилмоқчи. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.

Ҳужжатга кўра, бу ўн йиллик режа Украина тикланишини таъминлайди ва уни Европа Иттифоқига тезроқ аъзо қилишга имкон яратади. Европа Комиссияси бу режа юзасидан Европа давлатлари пойтахтларига олдиндан маълумот юборган.

Режа доирасида АҚШ ва Европа Иттифоқи 2040 йилгача молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиққан, шунингдек, дастлабки 100 кунлик операцион режа ҳам белгиланган. Нашр уни “Фаровонлик режаси” деб атайди ва у АҚШнинг 20 банддан иборат тинчлик режасига киради.

BlacRock компанияси экспертларига кўра, агар уруш чўзилса, Украина иттифоқчилари хорижий сармояларни жалб қилишда қийинчиликка дуч келади. Режада Украина тикланишига 800 млрд АҚШ доллари маблағ жалб қилиниши, шунингдек, бешта фонд ташкил этилиши кутилмоқда:

  • Америка-Украина тиклаш фонди;
  • Украина суверен инвестиция платформаси;
  • Украина ривожланиш фонди;
  • Украина ўсиш ва имкониятлар фонди;
  • Инсон капитали ва қочқинларни қайтариш фонди. 

Шунингдек, Киев Европада музлатилган Россия активларидан тахминан 300 млрд доллар маблағни тортиб олиб, тиклаш ишлари учун ишлатишни талаб қилмоқда. 2025 йил май ойида Европа Иттифоқи музлатилган Россия активларидан қайта инвестицияланган даромаддан Украина ҳисобига 1 млрд евро ўтказган.

Ҳужжатда АҚШ ўзини донор сифатида эмас, балки стратегик иқтисодий ҳамкор, сармоядор ва ишонч манбаи сифатида кўрсатади. Американинг бевосита компаниялари лойиҳаларда қатнашади, АҚШ хусусий капитални сафарбар қилишга тайёр.

Кейинги ўн йил ичида Европа Иттифоқи, АҚШ ва халқаро молия ташкилотлари, жумладан, Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки бу мақсадлар учун жами 500 млрд доллар давлат ва хусусий маблағ ажратади.

2025 йил декабрь охирида АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Украинани тиклашга ёрдам беришини билдирган, Украина Президентининг айтишича, Россия энергия ресурсларини паст нархларда етказишга тайёр. Шу ҳафта Россия Президенти Владимир Путин музлатилган АҚШдаги Россия активларининг бир қисмини урушдан зарар кўрган ҳудудларни тиклашга ишлатиш мумкинлигини билдирган ва бу масалани Вашингтон билан муҳокама қилаётганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг