Путин “Тинчлик кенгаши”га 1 млрд доллар беришга тайёр

Олам

image

АҚШда музлатиб қўйилган Россия активларидан 1 миллиард доллар “Тинчлик кенгаши”га ажратилиши, қолган маблағлар эса Украинадаги уруш оқибатида вайрон бўлган ҳудудларни тиклашга йўналтирилиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин кеча, 21 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, қолган маблағлар Россия ва Украина ўртасида тинчлик шартномаси тузилганидан сўнг, ҳарбий ҳаракатлар давомида зарар кўрган ҳудудларни тиклаш учун ишлатилиши мумкин. 

Путин қайси ҳудудларни (Киев назоратида қолаётган жойларними ёки Москва томонидан босиб олинган ҳудудлар) назарда тутаётганини аниқлаштирмаган. Шунингдек, у Москва АҚШнинг таклифини қабул қилиб, “Тинчлик кенгаши”га аъзо бўлишга тайёрми-йўқми, бу ҳақда ҳам ҳеч нарса демаган.

“Тинчлик кенгаши” дастлаб Ғазо секторида тинчликни таъминлаш режаси доирасида ташкил этилган. Бироқ унинг низоми билан танишган кузатувчиларнинг таъкидлашича, ушбу орган ваколатлари анча кенг бўлиши мумкин ва натижада у БМТга рақобатчи тузилма сифатида шаклланиши эҳтимоли бор.

“Тинчлик кенгаши” низоми бугун, 22 январь куни Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида имзоланиши кутилмоқда. Кенгаш раиси Дональд Трамп бўлади. Унинг ижроия қўмитасига, бошқалар қаторида, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президентининг куёви Жаред Кушнер ва Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр киради. “Тинчлик кенгаши” ишида иштирок этиш учун Германия ва Россия етакчиларига ҳам таклифномалар юборилган.

АҚШ “Тинчлик кенгаши” ишида иштирок этиш учун жами қарийб 50 нафар жаҳон етакчисига таклифнома юборган. 

Маълумот учун, 1 миллиард доллар – “Тинчлик кенгаши”да доимий аъзоликни хоҳлаган давлатлар бир йил давомида тўлаши лозим бўлган бадал ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш юзасидан халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушгани ва Ўзбекистон раҳбари америкалик мавқедошига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Давос Тинчлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг