АҚШ ва ЕИ Россияга босимни давом эттиради
Олам
−
29 Январь
3193АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас телефон орқали суҳбатлашиб, Россияга максимал босимни сақлаб қолиш зарурлиги тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилишича, Давлат котиби трансатлантик хавфсизликни мустаҳкамлаш, Европани мудофаа харажатларини оширишга чақириш, шунингдек, Хитойдан келаётган таҳдидларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, томонлар АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масаласини муҳокама қилган.
Шунингдек, Кая Каллас яхши суҳбат бўлиб ўтганини таъкидлаган. У Х ижтимоий тармоғида Давлат котиби билан Россия-Украина можароси, Эроннинг зарарли таъсири ва Хитойдан келаётган таҳдидлар каби глобал масалаларни муҳокама қилганини ёзган.
Маълумот учун, жорий йил январь ойи ўрталарида Марко Рубио санкциялар ва уларни бекор қилиш Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича музокараларда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини айтганди. Унга кўра, ҳозирги кунда санкциялар ҳарбий имкониятлардан ташқарида турган босим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўта мураккаб вазиятда агар томонларнинг ҳеч бири босим воситасига эга бўлмаса, сулҳ ёки тинчлик келишувига эришиш қийин бўлади”, дея тушунтирган Рубио.
Кая Каллас ҳам Россияга қарши чекловлар можарони ҳал қилишгача олиб ташланмаслигини айтган.
“Қандай музокаралар бўлишидан қатъи назар агар санкцияларни эрта бекор қилсак, биз анча заиф ҳолатда қоламиз”, дея таъкидлаган у.
Россия эса Ғарб санкцияларини бекор қилишни талаб қилмоқда. Москва ушбу чекловларни самарасиз ва ноқонуний деб ҳисоблайди. Кремль илгари ҳам санкциялар Россия сиёсатига таъсир кўрсатмаслигини, аммо чекловларни жорий қилган давлатлар ўзлари зарар кўришини қайд этган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Россия келишувдан бош тортса, санкцияларни янада кучайтириш билан таҳдид қилган. Кремль эса Трампнинг баёнотларини кузатаётганини билдирган, аммо унинг сўзларида янги ҳеч нарса йўқлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ маъмурияти Россиянинг энергетика секторини нишонга олган янги ва жиддий санкциялар пакетини жорий этган эди. Бу санкциялар Россия нефти ва суюлтирилган табиий газига қаратилган бўлиб, АҚШ собиқ президенти Жо Байден ва G7 етакчилари томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бир қисми сифатида Кремлга Украинадаги инқирозни давом эттиргани учун қўшимча иқтисодий харажатлар юклашни кўзланган.
LiveБарчаси