АҚШ ва Япония қўшма ҳарбий машғулотларни кучайтиради
Олам
−
29 Октябрь 2025 1241 1 дақиқа
Япония ва АҚШ қўшма ҳарбий машғулотларни кучайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Япония Мудофаа вазири Синдзиро Коидзуми америкалик ҳамкасби Пит Ҳегсет билан бўлиб ўтган музокараларда Токио ва Вашингтоннинг минтақадаги ҳарбий иштирокини ошириш ва қўшма машғулотларни кучайтиришга келишиб олган. Шунингдек, улар икки томонлама ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, қўмондонлик ва назорат тизимини такомиллаштиришни ҳам муҳокама қилган.
“Дунёдаги энг буюк иттифоқ бўлган Япония-АҚШ иттифоқини мустаҳкамлаш, аввало, ўзаро қўмондонлик тузилмасини такомиллаштириш, Ҳинд ва Тинч океани минтақасида биргаликдаги иштирокимизни ошириш ва машғулотларни кучайтиришни талаб қилади”, деган Коидзуми.
Унинг билдиришича, Япония ва АҚШ Қуролли кучлари биргаликда амалга оширадиган ҳарбий машғулотлар Япония-АҚШ иттифоқининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияга борган АҚШ Президенти Дональд Трамп Йокосука ҳарбий-денгиз базасида жойлашган USS George Washington атом авианосецида хизмат қилаётган ҳарбийлар олдида рақсга тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Бунёд Келдибоев