АҚШ ва унинг иттифоқчилари уч давлатга босим ўтказяпти – “Reuters”

Олам

image

АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Либерия, Маршалл ороллари ва Панамага ўз байроқлари остида сузувчи кемалар устидан назоратни кучайтириш учун босим ўтказмоқда. Бундан белгиланган чегарадан юқори нархларда сотиладиган Россия нефтини ташишни тўхтатиш мақсад қилинган. Бу ҳақда мамлакатлар ўртасидаги ёзишмаларга кириш имконига эга бўлган “Reuters” манбаси хабар берди.

Ушбу чора-тадбирлар Ғарбнинг Россия нефтига 60 долларлик нарх чекловини қўллаш бўйича саъй-ҳаракатлари кучайганидан далолат беради.

Киритилган механизм Ғарб компанияларига Россия нефтининг чегарадан юқори нархларда савдосини осонлаштириш учун транспорт, суғурта ва молиявий хизматлар кўрсатишни тақиқлайди.

“Россия нефтни ташиш ва чекловларни четлаб ўтиш учун эски танкерлар паркидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Панама, Маршалл ороллари ва Либерия бу танкерларнинг баъзиларига ўз байроқлари остида сузишга рухсат берди”, дейди таҳлилчилар.

“Байроқни алмаштириш” деб номланувчи ушбу амалиёт Россия нефтини сотиш учун яратилган компанияларга юқорида санаб ўтилган уч мамлакат байроқларидан фойдаланиш ва санкцияларни четлаб ўтиш имконини беради.

Lloydʼs List Intelligence таҳлилий фирмасига кўра, “қоронғи” флотдаги тахминан 535 танкернинг 40 фоизи Маршалл оролларида рўйхатдан ўтган компанияларга тегишли.

“Reuters” манбасининг таъкидлашича, унинг қўлидаги мактубларда Панама, Маршалл ороллари ва Либерияга G7 мамлакатлари томонидан ўрнатилган Россия нефтига нархлар чекловларини четлаб ўтиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, шунингдек, Ғарб суғуртасига эга бўлмаган кемалар билан боғлиқ хавфлар ҳақида огоҳлантиришлар мавжуд.

Қайд этилишича, мазкур уч давлатнинг ўзи санкцияларга дуч келмайди. Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари томонидан босимнинг мақсади Россия нефтини сув орқали ташийдиган кемалар сонини камайтириш эмас, балки нархларнинг юқори чегараларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш ва нефтни ташишда Россиянинг харажатларини оширишдир.

“Reuters” манбасининг таъкидлашича, Панама АҚШнинг ноқонуний фаолиятга қарши кураш бўйича сўровларига жавоб берган.

Шунингдек, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Либерия ва Маршалл оролларидан савдо иштирокчилари орасида уларнинг байроғи маргинал нархдан юқори нефть ташувчи танкерларда ишлатилмаслиги ҳақида хабардорликни оширишни сўраган.

Панама, Маршалл ороллари ва Либерия расмийларига юборилган мактубларга АҚШ молия вазирининг ўринбосари Браян Нелсон, Буюк Британия Молия вазирлигининг халқаро молия бўлими бошлиғи Линдси Уайт ва Европа Комиссиясининг молиявий хизматлар департаменти раҳбари Жон Берриган имзо чеккан.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қўшма Штатлар Бирлашган Араб Амирликларининг икки ва Либериянинг битта компаниясига ҳамда уларнинг танкерларига нарх чегарасидан юқори сотилган Россия нефтини ташиганлик учун санкциялар киритганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг