АҚШ ва Тожикистон Афғонистондаги вазият бўйича позициясини билдирди

Олам

image
Абдулазиз Комилов Афғонистондаги нотинчлик фонида АҚШ Мудофаа вазири билан учрашди north_east

Абдулазиз Комилов Афғонистондаги нотинчлик фонида АҚШ Мудофаа вазири билан учрашди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни, шунингдек Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.

“Давлат котиби бугун (1 июль) Давлат департаментида бўлиб ўтган АҚШ ва Тожикистон ўртасида йиллик икки томонлама маслаҳатлашувларнинг саккизинчи раундини мамнуният билан кутиб олди. Давлат котиби AҚШ-Тожикистон икки томонлама муносабатларининг мустаҳкамлиги ва муҳиммиятини яна бир бор тасдиқлади ҳамда Ташқи ишлар вазирига минтақавий хавфсизлик масаласида етакчи бўлиб келаётгани учун миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.

Блинкен, шунингдек АҚШнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ривожланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга, Тожикистон хавфсизлиги, барқарорлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини билдирган.

“Давлат котиби ва Ташқи ишлар вазири Афғонистондаги адолатли ва барқарор келишув минтақадаги иқтисодий ўсиш ва интеграцияга ҳисса қўшади деган фикрни тасдиқлади”, дейилади хабарда.

Кейинчалик, Давлат департаменти матбуот хизмати AҚШ ва Тожикистон ўртасида юқорида айтиб ўтилган саккизинчи икки томонлама маслаҳатлашувлардан сўнг қўшимча пресс-релиз чиқарди. Хабарда айтиб ўтилишича, музокараларда Aмерика делегациясига Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дин Томпсон вақтинча раҳбарлик қилган. Ушбу учрашувда AҚШ вакиллари “Тожикистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва фаровонлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган”.

Бундан ташқари, учрашувда диний эркинлик, одам савдосига қарши кураш, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш муҳокама қилинган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик ва Афғонистондаги вазият муҳокама қилинган.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Тожикистон

Баҳолаганлар

163

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар