АҚШ ва МО давлатлари Афғонистондаги кучлар ва террорчиларга муҳим огоҳлантириш билан чиқди

Олам

image

Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари Афғонистонда ҳокимиятнинг зўрлик билан тортиб олинишига, шунингдек, ушбу мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид солишда террористик база сифатида фойдаланилишига йўл қўйилмаслигини эълон қилди. 

“C5+1 мамлакатлари Афғонистон масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш учун қулай ва фаровон шароитларни яратишга интилмоқда”, дейилади Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва Америка Қўшма Штатлари (C5+1) томонидан кеча, 16 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда. 

Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ баёнотида Афғонистондаги можаро иштирокчиларининг барчасига муаммони афғон халқининг ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, фақат тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Баёнотда, шунингдек, “Афғонистонда янги ҳукуматнинг мажбурий равишда ўрнатилишини қўллаб-қувватламаслик ва террорчилар ҳамда учинчи томоннинг Афғонистон ҳудудидан C5+1 давлатлари ёки бошқа бирон бир мамлакатга таҳдид ёки уларга ҳужум қилишига йўл қўймаслик” айтилган.

Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ баёнотда ўзаро алоқаларни кенгайтиришга содиқ эканликлари ҳамда савдо, транспорт, энергетик алоқалар орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашни тасдиқлашган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 июль куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда Афғонистон ва Покистон Президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеф Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ бўлди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

161

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг