АҚШ ва Хитой можаро хавфи остида ҳарбий алоқаларни тиклади – WSJ
Олам
−
12 Сентябрь
3837Вашингтон ва Пекин муносабатлардаги қарийб икки йиллик танаффусдан сўнг ҳарбий идоралар ўртасидаги дипломатик ҳамкорликни тиклаш учун эҳтиёткор қадамлар қўймоқда. Ушбу ҳаракатлардан асосий мақсад қарама-қаршилик хавфини камайтириш. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрга кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида америкалик амалдорлар Хитойнинг юқори мартабали ҳарбийлари, шу жумладан генерал Ву Янань билан узоқ кутилган учрашувларни ташкил этишга муваффақ бўлган. Ву Янань бошчилигидаги қўмондонлик вазифаси Жанубий Хитой денгизидаги операцияларни амалга оширишдан иборат. Шу билан бирга, Пентагон генералнинг Гавайида бўлиб ўтадиган ҳарбий анжуманда иштирок этишига умид қилмоқда.
Қайд этилишича, Пентагон раҳбари ёрдамчисининг ўринбосари Майкл Чейз Пекиндаги халқаро хавфсизлик конференцияси - Хиангшан форумида иштирок этиш учун юборилган. Манбага кўра, ҳарбий соҳа бўйича ўзаро муносабатларни тиклашга уринишлар Жанубий Хитой денгизидаги кескинлик ва Хитой томонидан Россияни қўллаб-қувватлаш фонида амалга оширилмоқда.
“Қўшма Штатлар мулоқот линияларини очиқ сақлаш ниятида, чунки рақобатнинг можарога айланиб кетишининг олдини олиш муҳим. Шу билан бирга, учрашувларда мамлакатлар вакиллари кескин позицияни эгаллаб, ҳар бир томон хавфсизликнинг асосий муаммоси деб ҳисоблаган масалаларда чекиниш аломатларини ошкора кўрсатмаяпти”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сентябрь ойи охиригача Хитой ва Россия “Шимол-2024” қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси