Хитой ва Россия қўшма ҳарбий машғулот ўтказади
Олам
−
09 Сентябрь
3103Сентябрь ойи охиригача Хитой ва Россия “Шимол-2024” қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлиги бугун, 9 сентябрь куни маълум қилди.
“Машғулотларнинг мақсади икки мамлакат Қуролли кучлари ўртасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш ва хавфсизликка таҳдидларга биргаликда қарши курашиш қобилиятини мустаҳкамлашдан иборат бўлади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳар икки мамлакат ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳарбий авиацияси Япон денгизи ва Охотскдаги Россия қирғоқлари олдидаги манёврларда иштирок этади. Улар доирасида “Тинч океанининг муҳим денгиз ҳудудларига” қўшма денгиз патрули юборилади.
Бундан ташқари, ХХР Россиянинг “Океан-2024” стратегик машқларида иштирок этади. Уларнинг аниқ санаси маълум эмас.
Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида Россия ва Хитой иқтисодий, дипломатик ва мудофаа соҳаларида ҳамкорликни кучайтириб, Ғарбга қарши “чегарасиз” шериклик ва ҳамжиҳатликни эълон қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Хитойнинг Чжантсзян порт шаҳри қирғоқлари яқинида икки давлат сувда ва ҳавода қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.
НАТО, шунингдек, Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар Хитой раҳбариятини Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясини қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилади. Пекин бунга жавобан Шимолий Атлантика альянсини “қарама-қаршиликни қўзғатмасликка” чақирди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида “Денгиз ҳамкорлиги-2024” рус-хитой ўқув машғулотлари ўтказилган, Россиянинг “Громкий” ва “Резкий” корветлари ҳамда Хитойнинг “Дали” ва “Хэншуй” фрегатлари, “Йинчуан” эсминеци ҳамда “Вэйшаньху” универсал таъминот транспорти иштирок этганди. Ўтган ойда эса АҚШ ва Жанубий Корея қўшинлари мудофаани мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли машғулотлар ўтказди.
LiveБарчаси