АҚШ ва Исроил Ғазода вақтинчалик ҳукумат тузмоқчи – “Bloomberg”
Олам
−
21 Октябрь 2023
10062АҚШ ва Исроил БМТ кўмагида ҳамда араб давлатлари иштирокида Ғазо секторида муваққат ҳукумат тузиш имкониятини муҳокама қиляпти. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб, “Bloomberg” хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, томонлар ўртасидаги музокаралар дастлабки босқичда. Унинг муваффақияти Фаластин-Исроил можаросидаги ўзгаришларга, хусусан, Исроил қўшинларининг қуруқликдаги операциясига боғлиқ бўлади.
АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти тез орада Конгрессдан 100 миллиард доллардан ортиқ маблағ сўраш ниятида, шундан 60 миллиард доллари Украинага ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. 14 миллиард доллар эса Исроилни қўллаб-қувватлашга сарфланиши режалаштирилган.
Аввалроқ, дунё етакчилари 21 октябрь куни Миср пойтахти Қоҳирада Фаластин масаласи бўйича халқаро саммит бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазо секторига 7 октябрдан бери давом этаётган зарбалари оқибатида камида ҳалок бўлганлар сони 4 000 кишидан ошган.