АҚШ ва Исроил Эрон бўйича маслаҳатлашув ўтказади
Олам
−
21 Март
3126Келаси ҳафта бошида юқори мартабали Исроил делегацияси Оқ уйга ташриф буюради. Улар Эрон бўйича стратегик маслаҳатлашувлар, Ғазо секторидаги уруш ҳамда Исроил ва Ливан ўртасидаги баҳсли чегарага доир музокараларни муҳокама қилади. Бу ҳақда икки исроиллик ва бир америкалик амалдорга таяниб, “Axios” хабар берди.
Қайд этилишича, бу Дональд Трамп президентликка киришганидан бери АҚШ-Исроил Стратегик маслаҳатлашув гуруҳининг (SCG) биринчи учрашуви бўлади. Манбаларга кўра, Исроил делегациясига Стратегик масалалар бўйича вазир Рон Дермер ҳамда миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Тсахи Ханегби раҳбарлик қилади. Делегация таркибида Миллий хавфсизлик кенгаши, ҳарбийлар, “Моссад”, Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Атом энергияси комиссияси вакиллари ҳам бўлади. АҚШ томонидан Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Уолтц, шунингдек, Давлат департаменти, Пентагон ва разведка идоралари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, SCG ишчи гуруҳи 2009 йилда Обаманинг президентлиги даврида тузилган бўлиб, АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядро дастурига нисбатан стратегиясини мувофиқлаштириш, разведка маълумотларини алмашиш ҳамда сиёсат ва операцияларни мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган. 7 октябрь воқеаларидан кейин SCG фаолият соҳаси кенгайтирилиб, Байден президентлиги даврида Ғазо ва Ливандаги урушларни муҳокама қилиш учун асосий майдонга айланган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШга борган эди. Нетаньяхуни Оқ уйда кутиб олган Трамп ўзи ва унинг жамоаси Ғазо аҳолисини жойлаштириш имкониятларини Иордания, Миср ва минтақадаги бошқа давлатлар билан қайта муҳокама қилаётганини айтганди. У “одамларни бахтли яшашлари мумкин бўлган, отиб ташланмайдиган ва ўлдирилмайдиган яхши уйларга доимий равишда жойлаштириш” бўйича келишувга эришмоқчи эканлигини таъкидлаган.