АҚШ ва Эроннинг Доҳадаги музокаралари якунланди
Олам
−
02 июл 4294 2 дақиқа
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасида ўтказилган навбатдаги билвосита музокаралар якунланди. Томонлар музокараларда узоқ муддатли тинчлик келишувига эришганини маълум қилмади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувларда асосий эътибор Ҳормуз бўғозидаги денгиз қатнови ва Эроннинг музлатилган маблағлари масалаларига қаратилган. Музокаралардан хабардор манбаларнинг айтишича, икки кун давом этган учрашувларда июнь ойида эришилган вақтинчалик келишувнинг муҳим бандлари ҳам муҳокама қилинган.
Қатар Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, навбатдаги музокаралар Эроннинг марҳум олий раҳбари оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган дафн маросимидан кейин ташкил этилади. Вазирлик вакили Доҳадаги музокаралар июнь ойидаги келишув меморандуми бўйича “ижобий силжиш” бергани ва Швейцариядаги саммит натижаларига асосланганини билдирган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса журналистлар билан мулоқотда Эрон ядровий дастури бўйича ҳам тараққиёт кузатилаётганини айтган.
“Эронни ядросизлантириш жараёни яхши кетмоқда. Учрашувлар жуда яхши ўтди, кейинги натижаларни кўрамиз”, деган Трамп.
Бироқ музокаралардан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, Доҳадаги техник учрашувларда ядровий дастур умуман муҳокама қилинмаган. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс мазкур масала кейинги босқичда кўриб чиқилишини билдирган.
“Албатта, биз ядровий масаладан хавотирдамиз ва бу мавзуда музокараларни бошлаймиз”, деган у.
Қатар Ташқи ишлар вазирлигига кўра, АҚШ ва Эрон делегациялари тўғридан тўғри учрашмаган. Томонлар Қатар ва Покистон воситачилари орқали алоҳида музокаралар ўтказган. Манбаларнинг маълум қилишича, АҚШ Президентининг куёви Жаред Кушнер ҳамда махсус вакил Стив Уиткофф Доҳага келган бўлса-да, техник музокараларда иштирок этмаган.
Эрон делегацияси раҳбари, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Казем Ғарибободий музокаралар якунланганини тасдиқлаган. Бироқ томонлар келишмовчиликлар бартараф этилгани ҳақида маълумот бермаган.
Вақтинчалик келишувга мувофиқ, АҚШ ва Эрон Ҳормуз бўғози орқали халқаро денгиз қатновини қайта тиклаши керак. Ҳозирда кемалар ҳаракати қисман тикланган бўлса-да, стратегик аҳамиятга эга сув йўлининг ҳуқуқий мақоми ҳали ҳам баҳсли бўлиб қолмоқда.
Икки нафар юқори лавозимли эронлик манбанинг маълум қилишича, Теҳрон Ҳормуз бўғози устидан назоратини халқаро миқёсда тан олинишига интилаётганини билдирган. Шунингдек, Эрон август ўрталаридан бошлаб ушбу бўғоз орқали ҳаракатланувчи кемалардан тўлов ундириш ниятида эканини яна бир бор маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон делегацияси ҳам Али Хоманаий билан видолашув маросимларида қатнашиши хабар қилинган эди.
Live
Барчаси