АҚШ Эроннинг мудофаа тизимларига зарбалар берди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
09:43 1292 3 дақиқа
АҚШ ва Эрон ўртасида бир неча ҳафталик танаффусдан сўнг ҳарбий ҳаракатлар яна бошланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
АҚШ Марказий қўмондонлигининг маълум қилишича, кеча, 1 сентябрь куни Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳаво мудофааси объектлари, радар тизимлари, денгиз воситалари, миналар жойлаштириш имкониятлари ҳамда алоқа объектларига зарбалар берилган.
Қайд этилишича, АҚШ зарбалари Эроннинг Аҳвоз шаҳри яқинидаги ҳудудлар ҳамда мамлакат жануби-шарқидаги Жирофт фуқаролик аэропорти яқинига ҳам берилган. Шунингдек, Чобаҳор, Бандар-Аббос, Асалуйе ва Қешм оролида портлашлар содир бўлгани ҳақида Эрон ОАВлари хабар қилган.
Эрон эса бунга жавобан Иордания ва Ироқдаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилганини билдирган. Эрон ОАВлари Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базаси ҳам нишонга олинганини хабар қилган.
Маълум қилинишича, Иордания ҳаво мудофааси мамлакат ҳудудига кирган 13 та баллистик ракетадан 10 тасини уриб туширган, қолган 3 таси эса аҳоли яшамайдиган ҳудудларга қулаган. Баҳрайн ҳам Эрон дронлари тутиб қолиниб, йўқ қилинганини билдирган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Иорданиядаги ҳужум оқибатида кўплаб АҚШ ҳарбийлари ҳалок бўлганини даъво қилган. Бироқ АҚШнинг икки расмийси дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида америкалик ҳарбийлар орасида қурбонлар бўлмаганини маълум қилган.
Шунингдек, Эрон Қизил Ярим ой жамияти Ҳормуз бўғози яқинидаги Сирик ҳудудида тўй маросими вақтида АҚШ зарбаси берилиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани ва 50 нафари яраланганини билдирган. IRNA агентлиги эса ярадорлар сони 68 кишига етганини, ҳалок бўлганлар орасида 4 ёшли бола ҳам борлигини хабар қилган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг ҳужумлари Ҳормуз бўғозидаги вазиятни янада кескинлаштиришини билдирган. Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф эса агар АҚШ Эроннинг Форс кўрфазидан нефть экспорт қилишига тўсқинлик қилса, “ҳеч ким нефть экспорт қила олмайди”, деган.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши навбатдаги ҳужумлар бундан-да кучлироқ бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
“Аммо бу барча ҳужумларнинг энг каттаси бўлмайди. Энг катта ҳужум ҳали кутиб турибди ва у якунланганида Эрон Ислом Республикасидан жуда кам нарса қолади”, деб ёзган Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Қайд этилишича, АҚШнинг навбатдаги зарбалари ортидан жаҳон бозорида нефть нархи ҳам ошган. Бугун, 2 сентябрь куни нефть нархи бир баррель учун 4 доллардан кўпроққа кўтарилиб, сўнгги беш ҳафтадаги энг юқори даражага етган.
Нашрга кўра, АҚШ ва Эрон ўртасидаги олти ой давом этаётган можаро сўнгги ҳафталарда нисбатан тинч ҳолатга ўтган эди. Бироқ томонлар ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар июль ойидан бери илк бор яна кучайди. АҚШ ва Эрон июнь ойида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган, бироқ келишув кўп ўтмай барбод бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳарбийлари Иорданиядаги АҚШнинг икки ҳарбий базасига ҳужум қилган эди. Ҳужумлар оқибатида базалардаги айрим ҳарбий техникаларга, жумладан, вертолётларга зарар етган ва бир нечта дрон йўқ қилинган.
Live
Барчаси