АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш долларга талабни оширди

3-саҳифа

image

Яқин Шарқдаги ҳарбий тўқнашув жаҳонда Америка валютасига бўлган талабни кескин оширди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан кейин инвесторлар фаол равишда долларга ўта бошлаган. Геосиёсий хатарлар кучайиши фонида бозор иштирокчилари жаҳон молиявий тизимидаги энг ликвид актив – доллар орқали ўз маблағларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда. Агентлик маълумотига кўра, икки кун ичида доллар индекси бошқа жаҳон валюталарига нисбатан тахминан 2 фоизга ошган.

“Satori Insights” асосчиси Мэтт Кингнинг таъкидлашича, доллар курсининг кескин ўсиши асосан капитал оқимларининг қайта тақсимланиши билан боғлиқ. Инвесторлар сўнгги ойларда кўплаб бозорларни қўллаб-қувватлаб турган спекулятив позицияларни тезда ёпиб, ликвид активларга ўтмоқда. Натижада дунёдаги кўплаб молия бозорлари пасаймоқда. Жумладан, KOCPI индекси икки кун ичида қарийб 20 фоизга тушиб кетган.

Эрондаги кескинлик кучайишидан олдин доллар босим остида эди. Доллар индекси январь ойида тахминан 2 фоизга пасайиб, сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага тушган, ўтган йил давомида эса 10 фоиздан ортиқ қадрсизланган. Инвестор Жеффри Гандлахнинг фикрича, бу тенденция узоқ муддатли бўлиши мумкин. Шу боис инвесторларга реал активлар ва ривожланаётган бозорлар акцияларига сармоя улушини ошириш тавсия этилган.

Америка валютасининг глобал устунлиги заифлашиши қарийб чорак асрдан бери давом этмоқда. Бу жараён Евро 1999 йилда пайдо бўлиши ва Хитойнинг 2001 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан бошланган. Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, жаҳон валюта захираларида доллар улуши 2000 йиллар бошидаги 70 фоиздан ортиқ кўрсаткичдан ҳозирги кунда тахминан 57 фоизгача тушган. Шунга қарамай, доллар халқаро савдода ҳали ҳам кенг қўлланилади.

Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотига кўра, валюта бозоридаги барча операцияларнинг тахминан 89 фоизида Америка валютаси иштирок этади. Бу сўнгги 25 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, евро операцияларнинг тахминан 29 фоизида қатнашади. Нефть бозорида эса доллар асосий ҳисоб-китоб валютаси бўлиб қолмоқда: жаҳон нефть савдосининг фақат 20 фоизи бошқа валюталарда, масалан евро ёки Хитой юанида амалга оширилади. Қолган 80 фоиз операциялар долларда ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ доллар Эрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг