АҚШ Ўзбекистонга тарихий депортация учун миннатдорлик билдирди
Жамият
−
01 Май 23720 2 дақиқа
Кеча, 30 апрель куни АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Қўшма Штатлардаги ноқонуний мақомдаги ўзбекистонликларнинг депортациясини амалга оширди. АҚШ мазкур амалиётни тарихий деб атаб, Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда департамент томонидан эълон қилинган баёнотда сўз боради.
Қайд этилишича, АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан бўлган 100 дан ортиқ ноқонуний муҳожирни депортация қилиш бўйича муваффақиятли амалиётни амалга оширган. Мазкур операцияда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ватанга қайтарилиши учун тўлиқ молиявий харажатларни қоплагани икки мамлакат ўртасидаги чуқур хавфсизлик ҳамкорлигининг далили сифатида кўрилмоқда.
“Биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ўз фуқароларини ортга қайтариш учун самолёт юборганига юқори баҳо берамиз. Келгусида ҳам хавфсизликни мустаҳкамлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳамкорлигимизни давом эттиришга тайёрмиз”, деди Ички хавфсизлик департаменти раҳбари Кристи Ноэм.
Баёнотга кўра, ушбу амалиёт АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унинг маъмурияти томонидан хорижий давлатлар билан тузилган бир қатор муваффақиятли битимлар қаторига киради. Хусусан, Колумбия АҚШдан чиқариб юборилган мигрантларни қабул қилишга рози бўлган, Салвадор билан жиноятчилар ва тўдалар аъзоларини ҳибсга олишда яқин ҳамкорлик ўрнатилган, Мексика эса наркокартелларга қарши курашда иттифоқчига айланган ва мамлакат тарихидаги энг кўп – 6 мингдан ортиқ гиёҳванд сотувчилар ҳибсга олинган.
“Бу чоралар Трамп маъмуриятининг кучли дипломатик сиёсати ва иммиграция тизимини тиклаш йўлидаги стратегиясини намоён этади. Ноқонуний муҳожирлар ўз ватанларига қайтарилиши керак”, дейилади хабарда.
“Fox News Digital” хабарига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга етиб келгач, дарҳол ўз мамлакатларига қайтган. Бу АҚШ Президенти Дональд Трамп лавозимга қайтганидан бери хорижий давлат томонидан молиялаштирилган илк депортация рейси бўлган.
“Ўзбекистон ўз фуқароларининг депортация харажатларини тўлиқ ўз зиммасига олди. Ички хавфсизлик департаменти бу битимни АҚШнинг бошқа давлатлар билан муҳожирлар масаласида қандай ҳамкорлик қилишини кўрсатувчи намунавий модель, деб атади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган ва депортация қилинадиган хорижликлар рўйхатига киритилган Ўзбекистон фуқаролари чартер рейс орқали ватанга қайтарилиши хабар қилинганди. Мазкур амалиёт доирасида Нью-Йорк–Тошкент йўналиши бўйича махсус чартер рейси ташкил этилиши белгиланганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь