Фаластин ё Исроил? АҚШ Ўзбекистонга талаб қўядими?
Жамият
−
25 Октябрь 2023
34712АҚШ Ўзбекистонга 14 млн$ инвестиция киритади. Бу ҳақда USAID администратори Саманта Пауэр 24 октябрь куни Самарқанд шаҳрида АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари ўртасида “С5+1" форматидаги конференцияда эълон қилди. Конференция кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистонга ажратилган 14 млн доллар бўлди. Ушбу маблағдан кўзланган мақсад эса мамлакатдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, яшил иқтисодиётга ўтиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни бартараф этишдан иборат.
Хусусан, 3,2 миллион доллар мамлакатдаги сил касали билан оғриганлар учун, 4 млн доллар Ўзбекистонда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар учун, 3,5 миллион доллар асосан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва кичик бизнес эгаларини қўллаб-қувватлаш учун бўлса, қолган маблағ маҳаллий бошқарувни такомиллаштириш ва таълимга оид муаммоларни бартараф этишга сарфланиши керак.
Марказий Осиё давлатлари вазирлари ҳамда АҚШ вакили иштирок этган ва ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган муҳокамаларга эса журналистларнинг киришига рухсат берилмади.
“Биз бирга ҳаракат қилсаккина кучлимиз ва шундагина дунё хавфсизроқ бўлади”, дейди Байденнинг нутқидан иқтибос келтириб Саманта Пауэр.
Шунга қарамай, атиги 30 дақиқа давом этган пресс-конференциягина журналистлар учун очиқ бўлди, холос.
Биз эса бугунги кун сиёсий саҳнасида юз бераётган воқеликларни четда қолдирмаган ҳолда, айни дамдаги Исроил-Фаластин можаросида ҳали ўз позициясини очиқламаган Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан АҚШ томоннинг муносабатига қизиқдик.
“Исроил бу каби йирик ҳужумга учраган ҳар қандай мамлакат сингари ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бундай вайронагарчилик пайтида нафақат бу унинг ҳуқуқи, балки мажбурияти ҳамдир. Лекин Президент айтганидек, бу кураш қандай давом этишига боғлиқ. Бу уруш товонини Фаластин халқи тўламаслиги керак. ҲАМАС террорчилари оқибатида улар ҳам Исроил фуқароларидан кам жабр кўраётганлари йўқ. Кўп ҳолларда уларнинг ўзлари ҲАМАС шафқатсизлигининг очиқ қурбонларига айланишмоқда.
Бу борадаги АҚШ позициясига келадиган бўлсак, мамлакат ушбу муаммони ечиш мақсадида бир неча ўн йилликлардан буён ҳаракат қилиб келмоқда. Шундай қилиб, бу минтақадаги барча одамларда бизнинг бошқа мамлакатларга бўлган муносабатимизга нисбатан ҳеч қандай ишончсизлик бўлиши мумкинмас. Сизнинг Россия ва Украина ҳақидаги биринчи мисолингизга тўхталадиган бўлсам, Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлган ўз қўшнисига бостириб кирди. Украина шаҳарларини вайрон қилди, минглаб украиналик болаларни ота-оналаридан тортиб олишди.
Россия босқинчилари қўлига тушган тинч аҳолига нисбатан жинсий зўравонлик ва тизимли қийноқлар билан муносабатда бўлди. Буларнинг бари ҳеч биримизни ҳайратда қолдирмайдиган ҳақиқат. Ғарб давлатлари эса ушбу зўравонликка нисбатан огоҳ бўлишга чақирди, холос. Россия халқаро инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузди ва биз шу сабабдан мамлакатларни очиқ ёки махфий равишда Россия томонига ўтмасликка, унинг қоидабузарлигини қўллаб қувватламасликка ва вазият юзасидан ўз ташвишини билдириб ўтишга ундадик. Ҳар бир суверен давлат ўз қадриятлари, геосиёсий жойлашуви ва шахсий манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади. Шубҳасиз, вазиятга нисбатан қандай баҳо бериш ҳамда бунда ўз мувозанатини сақлаб туриш учун ўзлари қарор қилади. Аммо АҚШ бу боради иккиланмайди. Биз айнан қайсидир томонни танлашни талаб қилмаймиз. Худди Россия билан бўлган вазият каби, бунда ҳам фақатгина ҳукуматларни бир мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишни ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дея жавоб берди Саманта Пауэр.
LiveБарчаси