АҚШ Ўзбекистонда COVID-19 га қарши кураш учун 2 миллион доллар ажратади

Жамият 2481
image

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19 га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилади.

Бу маблағни CDC Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аниқлаган энг шошилинч эҳтиёжларни қондиришга сарфлайди. Жумладан, маблағ COVID-19 тестлари учун лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналар сотиб олишга сарфланиб, бунинг натижасида инфекцияни ташхислаш қобилияти ошишига ва тест натижалари тезда ўзгаришига эришилади.

Шунингдек, ажратилган маблағ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида шошилинч тиббий операциялар марказини ташкил этиш мақсадида тегишли жиҳоз харид қилиш ва тренинг ўтказишга сарфланади. CDC чегара кириш пунктларида текширувдан ўтказиш учун техник кўмак ҳам беради, бу эса мамлакатнинг чегараларда шахсларни аниқлаш ва жавоб қайтариш қобилиятини мустаҳкамлайди.

“Биз Марказий Осиёдаги COVID-19 билан боғлиқ вазият бўйича январь ойидан бошлаб яқиндан мониторинг олиб бормоқдамиз ҳамда минтақадаги барча ҳукуматларга касаллик авж олишига қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун техник кўмак таклиф қилиб келмоқдамиз”, дейди CDC Марказий Осиё бўйича директори, доктор Дэниел Сингер.

Сингер ушбу маблағлар қай тарзда сарфланишига аниқлик киритиб ўтди. Унинг таъкидлашича, ушбу маблағлар нафақат коронавирусга қарши курашишда, балки бошқа пандемик касалликларга ҳам қарши йўналтирилган.

“Ушбу маблағ бизга вирус тарқалишини секинлаштириш бўйича мамлакатлар кўраётган чора-тадбирларни янада кучайтиришга имкон беради. Бунда CДCнинг минтақада кўп йиллардан буён ОИВ ва сил касаллигини назорат қилиш ҳамда грипп ва бошқа пандемик касалликларга тайёргарлик кўришга қаратилган ишларига асосланилади. CDCʼнинг соғлиқни сақлаш хавфсизлигини яхшилашга йўналтирилган сармоялари таҳдидларга, шу жумладан ҳозирги коронавирус эпидемиясига тез ва самарали тайёргарлик кўриш учун пойдевор вазифасини ўтади ва биз соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорлигимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ эканини ҳис қилмоқдамиз”, дейди жаноб Сингер.

Маълум қилинишича, CDC Марказий Осиё бўлими минтақадаги соғлиқни сақлаш вазирликларига вирус тарқала бошлаган пайтдан буён тренинглар ўтказиш ҳамда шошилинч амалиётлар, лаборатория ишлари, инфекциянинг олдини олиш ва назорат қилиш, чегараларда текширув, хатарлар бўйича ахборот алмашуви, жамоатчилик иштироки ва касалликни назорат қилишда техник кўмак бериш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан ташқари, у етакчи халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари нашр этган техник қўлланмаларни кенг оммага тарқатиш учун рус тилига таржима қилмоқда.

CDC биринчи офисини 1995 йили Олма-отада очган бўлиб, ҳозир унинг офислари Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам мавжуд. CDC маҳаллий лаборатория, касалликни назорат қилишни мустаҳкамлаш, мутахассислар қобилиятини ошириш мақсадида ҳар бир мамлакатдаги соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ишлайди ва уларга касаллик тарқалишининг олдини олиш, аниқлаш ва тегишли жавоб қайтариш билан боғлиқ фаолиятни янада яхшилашга кўмаклашади.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3.1
t
×