АҚШ Ўзбекистонда аёлларни қўлловчи қонун қабул қилинганини олқишлади

Жамият

image

Жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир тарихий қонунни имзолади. Мазкур қонун қабул қилинганини АҚШ ҳукумати олқишлади. Бу ҳақда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’ga маълум қилди.

АҚШ Ўзбекистонда бўлаётган янгиликларга ва ўзгаришларга бефарқ эмаслигини ва буни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи ҳамда аёллар ва болаларнинг янада мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи янги қабул қилинган қонунни олқишлайди. Бу қонун барча ўзбекистонликларнинг ўз жамоалари, иш жойлари ва уйларида ўзларини хавфсиз ҳис қилишларини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир”, дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Шунингдек, АҚШ ушбу қонунни ҳаётга тадбиқ қилишда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва суд тизими билан ҳамкорлик қилишга шай эканлигини билдирмоқда.

“Қўшма Штатлар оиладаги зўравонлик қурбонларига ҳимоя ва қувватланиш олишда ёрдам беришга содиқ қолади ҳамда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари, суд тизими ва фуқаролик жамияти билан ушбу қонунни ҳаётга тадбиқ этишда ҳамкорлик қилишга тайёрдир”, дея таъкидлайди АҚШ элчихонаси.

Эслатиб ўтамиз, янги қонун билан эндиликда шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр-қимматини таҳқирласа, 6 миллион сўм жаримага тортилади, ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Қолаверса, турмуш ўртоғини ҳақорат қилган, сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган ва урганлар жавобгарликка тортилади.

Бундан ташқари, 14, 16 ёки 18 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахснинг қилмиши, у жабрланувчининг ёшидан хабардор бўлган ёки бўлмаганлигидан қатъий назар, жабрланувчининг ҳақиқий ёшидан келиб чиқиб баҳоланиши ва мутаносиб оғир жазо, яъни 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Энг муҳим томони болаларнинг жинсий эркинликларига қарши содир этилган жиноятлар тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятларга тенглаштирилиб, уларни содир этган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон Хотин-қизлар жавобгарлик зўравонлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made