АҚШ Украинанинг “нонини яримта қилди”

Олам

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Конгрессдаги тақиқни четлаб ўтиб, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан, Украинани қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 52 миллион доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам маблағларини Лотин Америкаси давлатларига йўналтирди. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.

Қайд этилишича, маблағ Панама, Перу, Эквадор ва Колумбияга йўналтирилган. Дастлаб ушбу пуллар Словакия, Шимолий Македония, Тунис ва Ироққа ажратилган эди. Словакия ва Шимолий Македонияга мўлжалланган маблағларнинг бир қисми Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши керак бўлган.

АҚШ Давлат департаменти сентябрь ойида Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига ажратилиши режалаштирилган бир неча ўн миллион долларни Лотин Америкасидаги лойиҳаларга йўналтириш режасини Конгрессга билдирган. Департамент бу қарорни наркотерроризмга қарши кураш зарурати билан изоҳлаган.

Бироқ сенатор Жинн Шейхин ва Вакиллар палатаси аъзоси Грегори Микс мазкур қарорни тўхтатишни талаб қилган. Уларнинг ташаббуси билан маблағларни қайта йўналтириш жараёни вақтинча тўхтатилган.

“Washington Post”га маълум қилган манбаларга кўра, маъмурият жорий йилнинг 30 сентябрь куни кечқурун Конгрессни қарор ҳақида яширин равишда хабардор қилган ва тақиқни четлаб ўтиб, маблағларни қайта йўналтиришни давом эттирган.

Қарорга қарши чиққан қонунчилар АҚШ Давлат котиби Марко Рубиога мактуб йўллаб, бундай қадам Конгресс томонидан жорий этилган тақиқ ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланиш талабларига зид эканини билдирган.

Нашрнинг ёзишича, Ироқ ва Тунисга ажратилган маблағлар бошқа қонунлар асосида молиялаштирилгани сабабли Конгресс тақиқига кирмаган. Шунга қарамай, ушбу пуллар мазкур давлатлар учун мураккаб даврда – АҚШнинг Эрон билан уруши ва Америка қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилиши жараёнида бошқа давлатларга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти Украинага умумий қиймати 2,68 миллиард доллар бўлган ўқ-дориларни сотиш ва ҳаво мудофааси тизимларини модернизация қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш мумкин бўлган битимни маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг