АҚШ Украинага зенит-ракета тизимини беришнинг йўлини топди
Олам
−
02 Декабрь 2022
7610Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчилари бўлган яқин Шарқдаги бир қатор давлатлар билан NASAMS зенит-ракета комплексларининг бир қисмини Украинага ўтказиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 1 декабрь куни “Politico” нашри хабар берди.
NASAMS ишлаб чиқарувчи “Raytheon Technologies” компаниясининг директори Грег Хейеснинг қайд этишича, НАТО ва АҚШ Яқин Шарқдаги бир қанча давлатлар билан ишламоқда.
“Яқин Шарқда NASAMS тизимлари мавжуд. НАТОдаги баъзи иттифоқдошларимиз ва ўзимиз NASAMS’дан фойдаланаётган Яқин Шарқдаги бир қанча давлатлар билан ишлаяпмиз. Уларни Украинага ёрдам сифатида юборишга ҳаракат қиламиз”, дейди Грег.
Унинг сўзларига кўра, бу тизимларни яқин олти ёки уч ой ичида Киевга жўнатиш вазифаси турибди. Шундан сўнг Қўшма Штатлар Яқин Шарқ мамлакатларини Украинага ўтказилган тизимлар ўрнига янги комплекслар билан таъминлайди. Яъни АҚШ Украина учун NASAMS ишлаб чиқаради. Яқин Шарқдан NASAMS олиш анча қулай ҳисобланади. Америка Украина учун ушбу қуролларни ишлаб чиқаришига деярли икки йил вақт кетади.
“Raytheon Technologies” раҳбари муҳокама қилинаётган Яқин Шарқ давлатлари номини айтишдан бош тортган. Бироқ таъкидланишича, минтақада Американинг NАSAMS тизимларини харидорлари орасида сўнгги пайтларда фақат икки давлат – Уммон ва Қатар бор эди. Агарда ушбу келишув амалга ошадиган бўлса, АҚШ маъмурияти буни алоҳида тасдиқлаши керак.