АҚШ Украинага яна “мурувват” кўрсатди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари кеча, 19 июль куни Украина учун яна 1,3 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги баёнотида айтиб ўтилган.

Маълум қилинишича, ёрдам пакетининг таркибидан тўртта NASAMS ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва унинг учун ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари, миналардан тозалаш ускуналари ва дронлар ўрин олган.

“Ушбу эълон Украинага қўшимча устувор имкониятларни тақдим этиш бўйича шартномалар тузиш жараёнининг бошланишини англатади”, дейди Пентагон вакили.

АҚШ бунинг учун Байден маъмуриятининг қурол-яроғларни мамлакат ички захирасидан олиш ўрнига ишлаб чиқарувчилардан сотиб олишга имкон берувчи Украина хавфсизлигини таъминлаш ташаббуси (USAI) дастуридан фойдаланади.

Пентагон мазкур ёрдам пакетини Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг йиғилишидан бир кун ўтиб эълон қилди.

Маълумот учун, кутилаётган ёрдам пакети 2023 йилдаги саккизинчиси бўлади. Пентагон Украинага айни пайтгача USAI дастури доирасида 10,8 миллиард долларлик ёрдам ажратган. Украина уруши бошланганидан бери эса АҚШ томонидан хавфсизлик ва ҳарбий ёрдам учун жами 40 миллиард доллардан ортиқ маблағ берилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошида АҚШ томонидан Украина учун 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдам эълон қилинганди. Ёрдам пакети бўйича мамлакатга кассетали ўқ-дорилар етказиб берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина ҳарбий ёрдам

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг