АҚШ Украинага 275 млн долларлик ҳарбий ёрдам юборади
Олам
−
09:25
764АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага 275 миллион доллар (тахминан 260 миллион евро) миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини юборади. Бу ҳақда кеча,19 ноябрь куни ўз исми сир қолишни истаган америкалик расмийларга таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Пакет таркибига оид тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган. Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти Украинага 100 миллион долларлик ноаниқ мудофаа ускуналари ва хизматларини сотишга рухсат берган. Улар автомобилларни капитал таъмирлаш, техник қўллаб-қувватлаш, ўқитиш ва бошқа тегишли логистика хизматларини ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Вашингтон ва Киев Украинага 20 миллиард долларлик кредит бериш шартлари бўйича музокараларнинг “илғор босқичида” бўлиб, унинг қайтарилиши Россиянинг Украинага ҳарбий босқинидан сўнг музлатиб қўйилган Россия Марказий банки активлари ҳисобидан амалга оширилади. Нашрга кўра, АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден маъмурияти жараённи йил охиригача якунлашни мақсад қилган.
Бир неча кун аввал қатор Америка ОАВлари Оқ уй Киевга Вашингтондан олинган узоқ масофали қуроллар билан Россия ҳудудига чуқур зарба бериш тақиқини бекор қилгани ҳақида хабар тарқатган эди. “The New York Times”га кўра, гап ATACMS тактик баллистик ракеталари ҳақида бўлган. Кеча, Украина Мудофаа кучлари биринчи марта ATACMS баллистик ракеталари билан Россия ҳудудига ҳужум қилди ва у нишонга муваффақиятли урилди.
Вашингтон Киев томонидан Россия қўшинларининг Харьковга қилган ҳужумидан сўнг Америка қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатди. Кейин Қўшма Штатлар Украинага HIMARS ракета тизимларидан Россия кучларига чегара яқинида зарба беришга рухсат берди.
Икки ой ичида Дональд Трамп Оқ уйда Байден билан президентлик курсисини алмашади. Республикачи АҚШдан Киевга кўрсатилаётган молиявий ва ҳарбий ёрдам кўламини бир неча бор танқид қилган ва Украинадаги урушни 24 соат ичида тугатишга ваъда берган, бироқ қандай қилиб тушунтирмаган. Трамп, хусусан, Украина халқаро тан олинган ҳудудининг бир қисмидан воз кечиши ва шу орқали жангларни тугатишга ёрдам бериши кераклигини очиқ айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх АҚШ Жо Байден кетишидан олдин қолган 7,1 миллиард долларлик ёрдамни таъминлаш учун Украинага ҳар ҳафта қурол юбориши маълум қилганди. Сингхнинг сўзларига кўра, Украинага янги қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириш “Президент берган ваъдадир”.